Жаҳон | 11:40 / 08.10.2024
12837
2 дақиқада ўқилади

«Сузиб юрган мегабомба»: Евроиттифоқ РФдан йўлга чиққан авариявий ҳолатдаги кемани қабул қилишдан бош тортди

Аммиакли селитра юкини олиб кетаётган кема шикастлангани сабабли сентябр ойидан бери Шимолий Европа қирғоқларида сузиб юрибди. Маҳаллий портлар кема бортидаги юк портлаши мумкинлигидан қўрқиб, уни қабул қилмаяпти.

Фото: Stian Saur/Nordlys/TT/IMAGO

Африкага йўл олаётганда зарар кўрган, Россия ўғитларини олиб кетаётган Малта байроғи остидаги Ruby юк кемаси ўтган ойдан бери Шимолий Европа қирғоқларида сузиб юрибди, маҳаллий портларга таъмирлаш ишларини ўтказиш учун кира олмаяпти. Улар унинг юки — аммоний селитраси портлаши мумкинлигидан қўрқиб, кемани қабул қилишни истамаяпти, деб ёзади The New York Times (NYT) газетаси 6 октябр, якшанба куни.

Нашрнинг ёзишича, Ruby август ойида Мурманск области Кандалакша шаҳридаги портни тарк этган. Бортда Африка портларидан бирига етказиб бериш учун 20 минг тонна аммиакли селитра бор. Кандалакшани тарк этгач, кўп ўтмай, кемада носозлик юз берди. Натижада корпусда бир нечта ёриқлар пайдо бўлган, рул ва ҳаракатлантирувчи винт шикастланган.

«Сузиб юрган мегабомба»

1-4 сентябр кунлари кема Норвегиянинг Тромсё портида бўлиб, у ерда кўрикдан ўтказилиб, бошқа давлатдаги портга таъмирлаш учун жўнатилган. Шундан сўнг Ruby Клайпеда томон йўл олди, лекин Литва портга киришига рухсат берилмади. Маҳаллий расмийлар юк портлаши мумкинлигидан хавотирда. 2020 йил август ойида Байрут портида 2750 тонна аммиакли селитра портлаб кетиб, 280 киши ҳалок бўлган ва етти минг киши жароҳатланганди. Ўшанда иқтисодий зарар 15 миллиард доллардан ошди.

Литва расмийлари Ruby'ни «сузиб юрган мегабомба» деб атаган ва Европа сиёсатчиларини Россиянинг эҳтимолий диверсияси ҳақида огоҳлантирган. Шундан сўнг кеманинг Малтага киришига ҳам рухсат берилмади.

Ruby ҳозирда Англия жануби-шарқидаги Кент қирғоқларидан 14 денгиз милясида жойлашган. Кема эгалари бошқа кемага ўғит тушириш ва таъмирлаш ишларини олиб бориш учун Британия расмийларидан тўхташга рухсат сўраган. Британия соҳилни қўриқлаш хизмати маълумотларига кўра, кема ўтган ҳафта денгизда лангарда қолган ҳолда ёнилғи билан тўлдирилган.

Мавзуга оид