Бундан бир кун аввал агентлик Россия ва Украина томонидан минтақада амалга оширилаётган ҳужумлар сони ортиб бораётгани фонида Туркия савдо кемаларининг бўғозлар орқали ҳаракатини чеклагани ҳақида хабар тарқатган эди.

Кемалар ҳаракатини кузатиш тизими маълумотларига кўра, Aegean Dream нефт танкери 6 августдан буён ҳудудда кутиб турганидан сўнг, 9 август куни Дарданелл бўғозига кирган. Кеманинг манзили сифатида Россиянинг Новороссийск шаҳридаги Каспий қувур консорциуми терминали кўрсатилган.

Mehmet Kahveci A контейнер ташувчи кемаси ҳам 9 август куни эрталаб Дарданелл бўғозидан ўтган. Унинг ҳам йўналиш манзили Новороссийск экани кўрсатилган.

Транзит рухсатномаларини бериш кечиктирилган

Bloomberg 8 август куни Туркия Соҳил хавфсизлиги бош бошқармаси Новороссийскка йўл олган бир нечта кемага бундай рейслар учун транзит рухсатномалари вақтинча берилмаётганини маълум қилгани ҳақида ёзган эди.

Шунингдек, Дарданелл бўғозидан ўтиш бўйича аризаларни кўриб чиқиш учун қўшимча вақт талаб қилиниши айтилган.

Агентлик манбасига кўра, чекловлар фақат Россия портларига эмас, Украина томон ҳаракатланаётган кемаларга ҳам тааллуқли бўлган.

Анқара мазкур қарорнинг сабабларини расман тушунтирмаган ва вазиятга очиқ изоҳ бермаган. Bloomberg маълумотига кўра, Туркия Транспорт вазирлиги ҳам 9 август куни агентликнинг изоҳ сўраб юборган мурожаатига жавоб бермаган.

Кемалар ҳаракатидаги кечикишлар Туркия ҳукумати Қора денгизда савдо кемаларига ҳужумлар кўпайиб бораётганига жиддий эътибор қарата бошлаган бир пайтда юз берди.

Туркия Россия ва Украинадан ҳужумларга мораторий сўради

Bloomberg 8 август куни америкалик расмийга таяниб, Украина Россия билан боғлиқ бўлмаган айрим нефт танкерларининг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлашга кўмаклашишга рози бўлганини ҳам хабар қилди.

Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан Anadolu агентлигига берган интервюсида Анқара Россия ва Украинага Қора денгиздаги ҳужумларга “мораторий” жорий этиш таклифини билдирганини маълум қилди.

Фиданнинг сўзларига кўра, Туркия томони бу масала юзасидан бир қатор чора-тадбирларни ишлаб чиққан ва улар президентга тақдим этилган. Ҳозир уларни амалга ошириш жараёни бошланмоқда.