Россия президенти Владимир Путин раислигида ўтган саммитда Озарбойжон президенти Илҳом Алиев, Беларус президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян, шунингдек, МДҲ бош котиби Сергей Лебедев қатнашди.

Кун тартибига мувофиқ, кўп қиррали муносабатларнинг ҳолати ва ривожланиш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди, МДҲ доирасидаги амалий ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Мирзиёев ўз нутқида Россиянинг Ҳамдўстликда раислиги даврида кўптомонлама ҳамкорлик барча йўналишларда ривожланганини юқори баҳолади.

МДҲ мамлакатларининг хавфсизлиги ва барқарор ривожланишини таъминлаш билан боғлиқ вазиятга алоҳида эътибор қаратилди.

МДҲ мамлакатлари махсус хизматлари ва ваколатли идораларининг тизимли ҳамкорлигини йўлга қўйиш, бугунги таҳдидларга қарши курашиш усулларини такомиллаштириш, киберхавфсизликни таъминлаш соҳасида келишилган чоралар ҳамда дастурий ҳужжатларни қабул қилиш муҳимлиги таъкидланди.

Ҳамкорликнинг иқтисодий йўналишида биргаликдаги фаолиятни кучайтириш устувор вазифа экани қайд этилди. Ўзбекистоннинг МДҲ мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми йил бошидан буён 16 фоизга ошгани қайд этилди. МДҲ тармоқ кенгашлари ва қўмиталари фаолиятини фаоллаштириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Келгуси йил баҳорида Тошкент шаҳрида «Иннопром» халқаро саноат кўргазмаси доирасида МДҲ Иқтисодий кенгаши йиғилиши ва Инновацион ривожланиш форумини ўтказиш таклиф этилди.

Яқинда бўлиб ўтган МДҲ мамлакатлари етакчи таҳлилий марказларининг Тошкент конференцияси натижаларини ҳисобга олган ҳолда, узоқ муддатли шерикликнинг янги устувор йўналишларини қўллаб-қувватлаш муҳимлиги таъкидланди.

Хусусан, интернет технологиялари ва «катта маълумотлар» индустриясини ривожлантириш, рақамли ечимларни жадал жорий этиш, креатив иқтисодиёт, яшил энергетика ва ядро технологиялари, иқлим муаммолари ва бошқалар шулар жумласидан.