Пайшанбага ўтар кечаси Американинг Флорида штати ғарбий соҳилларига ёпирилган «Милтон» тўфони ўзи билан 70 метр/сония тезликдаги шамол ва сув тошқинлари келтириб чиқарадиган кучли ёмғирлар билан бирга торнадо ҳам олиб келди. Қутқарувчилар сув босган ва вайрон бўлган янгидан янги жойларни текширишни бошлагани сайин қурбонлар сони ортиб бормоқда.

Пайшанба куни кечқурун CBS телекомпанияси Флорида ҳуқуқ-тартибот департаментига таяниб қурбонлар сони 16 нафарга етганини хабар қилди.

Бунгача бўлган бир неча соат давомида турли манбалар қурбонлар сони тўғрисида бир-биридан фарқли маълумотлар бераётганди: 10 дан 12 нафаргача.

Беш киши Сент-Люсия округидаги кемпингда ҳалок бўлган. Сент-Питерсберг шаҳри расмийлари икки киши ўлими ҳақида хабар берган. Яна бир киши жасадини қутқарувчилар қўшни округда вайрон бўлган уй харобалари остидан топишган.

АҚШ ички хавфсизлик вазири Алехандро Майоркаснинг маълум қилишича, Флорида штатида яшовчиларнинг айримлари кенг тарқалган фейклар, хусусан, жабрланганлар ер участкаларидан маҳрум қилинаётгани ҳақидаги маълумотлар туфайли қутқарувчиларнинг ёрдамини қабул қилишга шошилмаяпти. «Биз одамлар қўрқув туфайли ёрдам олишда иккиланаётганини кузатдик», деб шикоят қилди вазир.

Флорида губернатори Рон Десантис куннинг иккинчи ярмида ўтказилган матбуот анжумани чоғида қурбонлар сони ҳақидаги маълумотлар тўхтовсиз янгилаб борилаётгани ва штатда ҳалок бўлганларнинг жами сони ҳақидаги умумий рўйхат ҳали тузилмаганини маълум қилганди.

Губернаторнинг сўзларига кўра, 10 октябр оқшомига қадар табиий офат ҳудудидан 340 киши ва 49 уй жониворлари қутқариб олинди.

THE PALM BEACH POST/Reuters

Ҳозирча етказилган зарар миқдори бўйича ҳам аниқ баҳо йўқ, лекин шуниси аниқки, бу рақамлар кичик бўлмайди.

Тўфон йўлида бўлган турар жойлар, черков бинолари, савдо ва офис биноларига жиддий зарар етказилган.

Сент-Питерсбергда кучли шамол туфали Юқори бейсбол лигаси стадиони томи бузилиб кетган, маҳаллий газета таҳририяти жойлашган бинога, қурилиш крани қулаб тушган.

Флориданинг табиий офат арафасида ўз уйларини вақтинча тарк этган аҳолисига қайтишга шошилмаслик тавсия қилинган.