Ўзбекистон | 18:17 / 18.10.2024
4908
2 дақиқада ўқилади

Аграр университети ётоқхонаси қурилиши сифатсиз ишлар сабаб тўхтатилди

Қурилиш талабларига зид ишлар бажарилгани учун пудратчига 14 марта огоҳлантириш берилган.

Фото: Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги

Тошкент вилояти Қибрай туманида жойлашган Тошкент давлат Аграр университетининг 400 ўринли ётоқхона биноси қурилиши тўхтатилгани ҳақида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги маълум қилди. Маълум бўлишича, бино пудратчиси Nеw Brand House МЧЖ. Қурилиш инспекцияси пудратчи ва масъулларга қурилиш жараёнида аниқланган қоидабузарликлар юзасидан 14 маротаба ёзма кўрсатма берган. Бироқ қурилиш ишлари тузатилмаган. Уч марта жарима чораси қўлланган.

Тошкент вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси бош инспектори Исмоил Ҳамидов қурилиш ишлари пудратчи томонидан сифатли ва лойиҳа талабларини бузган ҳолда олиб борилаётганини айтди. “Гипсокартон плитасининг ички пардоз деворларига ёпиштирилиши жараёнида металл профиллардан каркас қилиб ўрнатилиши ўрнига оддий гипслар қотирилиб мустаҳкамланган”, – деб тушунтирган масъул.

Шунингдек, вазирлик хабарида қурилиш пудрат ташкилоти бинонинг ички хоналарига кириш эшикларининг сарбастлари лойиҳага зид бажарилгани, том ёпиш ишларида эса лойиҳага умуман амал қилинмаганини қўшимча қилган.

Айни пайтда бино техник текширувдан қайта ўтказилгунга қадар қурилиш тўхтатиб қўйилган.

Мавзуга оид