Илҳом Маҳкамовнинг айтишича, тирбандликни тўхтатиб бўлмайди, фақатгина унинг тезлашишини секинлаштириш мумкин. Жамоат транспортига алтернатив сифатида трамвай лойиҳаси устида ишланмоқда, вазир ундан воз кечилмаганини, аммо аввал долзарб бўлган инфратузилма лойиҳалари молиялаштирилишини маълум қилди. Шунингдек, у автобуслар махсус йўлагидан юрган автотранспорт ҳайдовчилари қатъий жазоланиши, бу борада қонунчиликка ўзгартириш киритилаётганини қайд этди.

18 октябрь куни Тошкентда “Транспорт соҳасида ислоҳотлар, Давлат хусусий шерикчилик лойиҳалари ва халқаро ҳамкорлик жараёнларининг соҳадаги ўрни” мавзусида панель сессияси ўтказилди.

Унда қатор халқаро молиявий ташкилотлар билан бирга Ўзбекистон Транспорт вазирлиги масъуллари, хусусан, вазир Илҳом Маҳкамов ҳам иштирок этиб, сўнгги вақтларда пойтахт кўчаларидаги тирбандлик муаммоси, жамоат транспортига альтернатив сифатида трамвайни қайтариш ва автобуслар учун махсус йўлакларнинг назорати ҳақида саволларга жавоб берди.

[Тирбандлик муаммоси] анчадан бери ўрганиб келинади. Биринчи навбатда бу шахсий транспорт воситаларининг кўпайиб бориши [билан боғлиқ], табиий ҳол. Иккинчиси йўлларимизнинг ўтказувчанлик қобилиятига нисбатан шахсий транспортлар кўпроқ. Энди асосий масала – биз тирбандликни барибир тўхтата олмаймиз, фақат тезлашиш жараёнини секинлаштиришимиз мумкин. Жамоат транспортидан кўпроқ фойдаланиш, жозибадорлигини ошириш орқали йўловчиларимизни кўпроқ жамоат транспортига тортишимиз мумкин.

Энди ўзингиз биласиз, анча ишлар амалга ошириляпти. Бугунги кунда инфратузилмада лойиҳавий ўзгаришлар қилиняпти, чорраҳалар тўғриланяпти. Буларнинг ҳаммаси жуда мураккаб ва озгина вақт талаб қиладиган ишлар-да. Ўйлайманки, 1-2 ойда қандайдир натижага эришиш ниҳоятда мураккаб бўлади.

Маданият ва фойдаланиш жиҳатдан бутун жамиятимиз, йўловчиларимиз, шахсий автотранспорт ҳайдовчиларнинг – барчанинг ҳамкорлиги керак. Тошкент шаҳри мисолида айтадиган бўлса, шаҳарда биттада чорраҳаларнинг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш, йўлларга жамоат транспорти ҳаракатланиши учун йўналишларни белгилаш – буларнинг ҳаммасига албатта катта молиявий маблағ талаб қилинади. Лекин бизда шаҳар ҳокимиятига бу соҳаларни қилиш учун йилма-йил пул ажратилади. Лекин пуллар ажратилгани билан буларни физиологик жиҳатдан ҳам қилиб бўлмайди. Йилма-йил битта-битта кўчани тўғрилаб келишяпти. Илмий жиҳатдан кўп вақт кетди, қайси услубда қайси кўчани реконструкция қилиш, яъни қайта таъмирлаш, қайси чорраҳага қандай ўзгаришлар, енгилликлар қўллашга вақт кетди”,