Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Қозон шаҳрига келди.

Аэропортда давлат раҳбарини Татаристон Республикаси раиси Рустам Минниханов, Қозон шаҳри мэри Илсур Метшин ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.

Бугун Ўзбекистон президенти қатор икки томонлама учрашувлар ўтказиши ҳамда БРИКС саммитининг протокол тадбирларида иштирок этиши кўзда тутилган.

Шавкат Мирзиёев дастлаб Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан учрашув ўтказди.

Учрашувда Ўзбекистон-Ҳиндистон стратегик шериклик муносабатлари ва кўп қиррали ҳамкорлигини янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Юқори технологиялар, сунъий интеллект, саноат, энергетика, фармацевтика, транспорт коммуникациялари бўйича дастур ва лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Жорий йилда Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ва бизнес форумини ўтказиш, шунингдек, саноат кооперацияси бўйича ўрта муддатли дастур қабул қилишга келишиб олинди.

Мамлакатларимизда Маданият ва кино кунларини, тиббиёт ва спорт соҳаларида ҳамда ёшлар иштирокида, шу жумладан ёшларнинг парламент ташкилотлари доирасида қўшма тадбирлар ўтказиш таклифи билдирилди.

Етакчилар бўлажак олий даражадаги тадбирлар режасини ҳам муҳокама қилдилар.

Шунингдек, Қозон шаҳрига ташрифнинг биринчи кунида Ўзбекистон президенти Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан ҳам учрашув ўтказди.

Ўзбекистон-Туркия кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш бўйича долзарб масалалар атрофлича кўриб чиқилди.

Икки давлат раҳбарлари сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий ва гуманитар соҳалардаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлигини таъкидладилар.