Зеленскийнинг таъкидлашича, дастлабки маълумотларга кўра, гап КХДРда ишлаб чиқарилган баллистик ракета ҳақида кетмоқда. Шу билан бирга, у якуний хулосалар экспертиза натижалари эълон қилингач берилишини қайд этди.

«Албатта, ҳали экспертизалар ўтказилади, барча ҳолатлар текширилади. Аммо ҳозирги маълумотларга кўра, бу — Шимолий Корея баллистик ракета сидир», — деди Украина президенти.

Зеленский халқаро ҳамкорларни Россиянинг навбатдаги зарбасини қоралаш билан чекланмасдан, Украинага ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун ракета етказиб беришга ва Москвага нисбатан босимни янада кучайтиришга чақирди. Унинг фикрича, фақат шундай чоралар Россиянинг кейинги ҳужумларини тўхтатиши мумкин.

30 июлга ўтар кечаси Россия қўшинлари Украина шаҳарларига, жумладан Киевга ҳам ракета ҳужумлари уюштирди. Днипропетровск вилоятининг Кривий Рих шаҳри яқинидаги Радушне қишлоғида баллистик ракета хусусий уйга келиб тушган. Оқибатда бир оиладан олти киши, жумладан 6 ёшли қизалоқ ҳамда 11 ва 17 ёшли икки ўғил бола ҳалок бўлган.

Бундан аввал ҳам Зеленский Россия Шимолий Корея билан ҳарбий ҳамкорликни кенгайтиришга интилаётганини билдирган эди. Унинг айтишича, Москва Пхеняндан яна 30 минг нафар ҳарбий хизматчи олишни режалаштирмоқда. Шунингдек, КХДР Россияга баллистик ракета учириш қурилмаларининг янги партиясини етказиб беришга тайёрланаётгани ҳақида ҳам маълум қилинган.

Украина президенти Россия ва Шимолий Корея ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликни Осиё минтақаси хавфсизлиги учун ҳам жиддий таҳдид деб баҳолади. Унинг фикрича, Москва Пхенянга замонавий уруш тажрибасини ўзлаштиришда ёрдам бермоқда.

2024 йилда Россия ва Шимолий Корея «ҳар томонлама стратегик шериклик» тўғрисидаги шартномани имзолаган эди.