Пхенян Россияга нафақат қурол-яроғ, балки ҳарбий хизматчилар ва ракета бўлинмаларини ҳам юбораётгани ҳақида хабарлар бор. 90 нафар шимолий кореялик ҳарбийдан иборат бўлинма 120 та баллистик ракета ва 6 та учириш қурилмаси билан Россия ғарбига жойлаштирилиши айтиляпти. Бу амалга ошса, КХДРнинг урушдаги иштироки янги босқичга ўтади. Бундай вазият Киевнинг жавоб чораларига, шунингдек Сеул ва Токионинг Украинани кўпроқ қўллашига олиб келиши мумкирн.

Мавзу юзасидан Kun.uz студиясида сиёсий таҳлилчилар баҳсга киришди.

Шавкат Саидов: Шимолий Корея Россиянинг Украинага қарши урушида тобора фаолроқ иштирок этмоқда. Аввалроқ корейс аскарлари Курск вилоятидаги жангларда қатнашган эди. Сўнгги пайтларда эса Шимолий Корея Россиянинг ғарбий ҳудудларига қўшимча ракета тизимлари ва ҳарбий мутахассисларини юбориши ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Агар шундай бўлса, улар Украина ҳудудига қарши қўлланиши мумкин.

Бу эса муҳим саволни юзага келтиради, яъни ушбу ракета тизимларидан Шимолий Корея ҳарбийлари фойдаланадими ёки Россия ҳарбийлари? Яна бир вариант – Шимолий Корея мутахассислари Россия ҳарбийларига инструктор сифатида ёрдам бериши мумкин, бунда ракета тизимларининг ўзини Россия ҳарбийлари бошқаради, корейс мутахассислари эса улардан фойдаланиш бўйича техник ва ҳарбий кўмак беради.

Бундан ташқари, Шимолий Корея 30 минг кишилик қўшин гуруҳини шакллантираётгани ҳақидаги хабарлар ҳам мавжуд. Бу кучларнинг Россия ҳудудида қандай вазифани бажариши масаласи очиқ қолмоқда.

Менинг назаримда, Шимолий Корея ўз ҳарбийларини бевосита Украина ҳудудига киритиши эҳтимоли юқори эмас. Чунки бундай қадам можаронинг халқаро миқёсда янада кескинлашишига сабаб бўлиши мумкин.

Камолиддин Раббимов: Россия ва Шимолий Корея ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик тобора кучайиб бормоқда. Бу жараён, табиийки, Украина атрофидаги геосиёсий вазиятга ҳам таъсир кўрсатмоқда. Урушнинг дастлабки йилларида, хусусан 2023–2024 йиллардан бошлаб Шимолий Кореянинг минглаб ҳарбий хизматчилари Россияга келгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. Бу эса можаро атрофидаги геосиёсий вазиятни янада мураккаблаштирди ва қарама-қаршиликнинг халқаро тусини кучайтирди.

Бунинг фонида Жанубий Корея ва Япония ҳам Украинага кўмакни кучайтирди. Бунинг асосий сабабларидан бири – ҳар икки давлат Шимолий Кореяни ўз хавфсизлигига асосий таҳдидлардан бири сифатида кўришидир. Шу сабабли Россия ва Пхенян ўртасидаги ҳарбий яқинлашув Сеул ва Токиода хавфсизликка оид хавотирларни янада оширди. Жанубий Корея Украинага қурол-яроғ ва бошқа турдаги ёрдам кўрсатишни кучайтирган бўлса, Япония ҳам Киевни молиявий, техник ва бошқа йўналишларда қўллаб-қувватламоқда.

Асосий хулоса шуки, Россия–Шимолий Корея ҳарбий яқинлашуви Шарқий Осиё ва Европадаги хавфсизлик масалаларини тобора бир-бирига боғлаб бормоқда.

Суҳбатни YouTube'даги “Geosiyosatkunuz” каналида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.