25 октябр куни Қорақалпоғистонда Қўнғирот–Бейнеу автомобил йўлининг янгидан қурилган 240 километрлик қисми фойдаланишга топширилди. Тошкентда эса халқаро аэропорт қаршисидаги кўприк тўлиқ очилди. Шу муносабат билан президент Шавкат Мирзиёев иштирокида тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Қўнғирот–Бейнеу йўли Ўзбекистонни Европа давлатлари билан боғлайдиган стратегик автомагистралдир. Лекин узоқ йиллик қатновлар, Оролбўйининг кескин континентал иқлими туфайли яроқсиз аҳволга келиб қолганди. Шу боис 2021-2024 йилларда 323 миллион долларлик лойиҳа эвазига замонавий қилиб қайта қурилди.

“Энди мамлакатимиз ҳудудларидан халқаро ташувлар масофаси 1 минг километргача, транспорт харажатлари эса 25 фоизгача камаяди. Бу йўл юртимизни Каспий ва Қора денгиз портлари орқали Европа бозорлари билан ишончли боғлайдиган логистика тармоғига айланади. Яна бир муҳим жиҳати – “А-380” халқаро йўлагининг Ўзбекистондан ўтган қисмида кунлик транспорт қатнови 3 карра ошади”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президент матбуот хизмати таъкидига кўра, йўл жаҳон стандартларига ҳар томонлама мос, текис ва равон. Янги йўл атрофида 200 дан зиёд савдо-сервис объекти ва саноат корхонаси пайдо бўлиши кутилмоқда. Шунинг ҳисобидан дастлаб 2 мингта, келгусида эса яна 5 мингта иш ўрни ташкил қилинади. Шу тариқа, Қорақалпоғистонда транзит ва бошқа хизматлар ҳажми йилига 200 млн долларга, Ўзбекистоннинг экспорти эса камида 300 млн долларга ошиши учун замин яратилади.

Ушбу магистрал йўл ўтадиган Тўрткўл, Элликқалъа, Беруний, Нукус, Хўжайли, Шуманай, Қонликўл, Қораўзак ва Қўнғирот туманларидаги 1 миллиондан зиёд аҳоли ҳаёти ўзгаради.

Президент мазкур лойиҳада иштирок этган қурувчи ва ишчиларга, Осиё тараққиёт банкига, Туркия, Озарбайжон ва хитойлик пудратчиларга, Жанубий Корея ва италиялик консултантларга миннатдорлик билдирди.

“Йўл ва кўприк қуриб, одамларнинг узоғини яқин, мушкулини осон қилиш энг савобли ишлар қаторида туради”, – деди давлат раҳбари.

Мазкур 240 километр йўлнинг икки томони – Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот тумани ҳамда “Довуд ота” божхона постида ҳозир бўлганлар телекўприк орқали алоқага чиқди. Президент Шавкат Мирзиёев мамнуният билан йўлнинг очилишига рухсат берди, ушбу қувончли воқеа билан барчани муборакбод этди.