Жанубий Корея разведкаси маълумотларига кўра, 23 октябрга қадар КХДРнинг 3 минг аскари Россияга келтирилган, умуман Шимолий Корея Украина билан урушга 12 минг аскарини жўнатишни режалаштирмоқда.

Бу орада Украина томони Узоқ Шарқдаги «Сергеевский» полигонида шуғулланаётган шимолий кореялик аскарларнинг видеосини эълон қилди.

«Медиазона» нашри КХДР бўйича эскпертлар Андрей Ланков ва Фёдор Тертицкий билан бу борада суҳбатлашди. Улар КХДР раҳбариятининг бу қарори нега кутилмаган бўлгани ва Шимолий Корея армияси қандай тузилганини сўзлаб беришди.

Изоляцияга қарамасдан

«КХДР тарихида бунақаси бўлмаган», — дейди кореяшунос, Сеулдаги Кукмин университети ўқитувчиси Андрей Ланков.

Шимолий Корея аввал ҳам бир неча марта ўз ҳарбийларини хориждаги можароларда иштирок этиш учун жўнатган, бироқ улар кичикроқ контингент бўлган: шимолий кореялик учувчилар 1960-йилларда Виетнамдаги урушда қатнашган, 1967 ва 1973 йиллардаги араб-исроил урушларида иштирок этишган. Бундан ташқари, КХДР ҳарбийлари техника етказилишини кузатиб боришган.

«КХДР ҳар доим сезиларли қурол-яроғ етказиб берувчи бўлган. Улар асосан қашшоқ харидорлар учун арзон тизимларга ихтисослашган, шу сабаб шимолий кореялик ҳарбийлар Фижи ва Руанда каби мутлақо экзотик жойларда ҳам пайдо бўлишган», — дейди Ланков.

Сеулдаги Кукмин университети катта илмий ходими, КХДР армияси бўйича мутахассис Фёдор Тертицкийнинг қўшимча қилишича, илгари КХДР хорижга аскарлар эмас, офицерлар жўнатганида, улар «бирор зарарли нарсани ўрганиб келиши»дан чўчиб, уларни шахсан доҳийнинг ўзи ёки вориси тасдиқлаган.

Россияга аскарлар жўнатилиши КХДРнинг ўзи сўнгги йилларда оғишмай амал қилиб келаётган изоляционистик курсига терс, дейди Ланков.

«Ҳозир Шимолий Корея максимал изоляция сиёсатини юритмоқда ва мен шундай деган бўлардим: агар улар ишчиларни четга жўнатишни чўзишаётган бўлса, ҳарбий хизматчиларни жўнатиш сиёсий жиҳатдан янада хавфлироқ тадбир, — дейди Ланков. — Шимолий Корея раҳбарияти мамлакат аҳолиси ундан ташқаридаги ҳаёт билан танишишини умуман истамайди. Улар азалдан шунақа, бироқ аввал қандайдир ён беришларга тайёр бўлишган бўлса, ҳозир бутунлай ёпилиб олишган. Сўнгги йилларда Шимолий Корея ўз тарихида мисли кўрилмаган даражада ёпиқ давлат. Расмий баҳона сифатида, албатта, коронавирус пандемияси ишлатилмоқда, бироқ, табиийки, бу сабаб эмас, айнан баҳона».