Тошкентда ҳафта давомида ёғингарчиликсиз, нисбатан илиқ об-ҳаво кузатилади. Бироқ бундай метеорологик шароит атмосфера ҳавосида ифлослантирувчи моддалар тўпланишига олиб келиши мумкин.

Гидрометеорология хизмати агентлигининг 26 октябрь куни хабар беришича, пойтахтда кундузи ҳаво ҳарорати 18–20 даража, кечаси эса 8–10 даража атрофида бўлади. Шу билан бирга, 1 ноябрга қадар атмосфера инверсияси кузатилиши кутилмоқда.

Ёғингарчиликнинг йўқлиги, шамолнинг сустлиги ва инверсия ҳодисаси ҳавонинг табиий тозаланишини секинлаштириши мумкин. Натижада чанг заррачалари ва бошқа ифлослантирувчи моддалар миқдори ошиши ёки юқори даражада сақланиб қолиши эҳтимоли бор.

Атмосфера инверсияси нима?

Бу — ҳаво ҳарорати баландлик ошган сари пасайиш ўрнига кўтариладиган ҳодиса. Бунда ер юзасига яқин совуқ ҳаво қатлами устидан илиқ ҳаво қатлами жойлашади. Бу эса ҳавонинг вертикал ҳаракатини чеклаб, ифлослантирувчи моддаларнинг атмосферанинг қуйи қатламида тўпланишига шароит яратади.

Агентлик таъкидлашича, ҳаво сифатининг амалдаги ҳолати нафақат об-ҳавога, балки ифлослантирувчи моддалар чиқарилиши ва бошқа омилларга ҳам боғлиқ.