Исроил мудофаа вазири Йоав Галант 6 ноябр, чоршанбага ўтар кечаси истеъфога чиққанидан сўнг, Қуддус ва Тел-Авивда минглаб одамлар мамлакат бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг ҳаракатларига қарши кўчаларга чиқиб, Ғазо секторида Ҳамас ташкилоти томонидан гаровга олинган исроилликларни ўз ватанига қайтаришни талаб қилишди

The Times of Israel интернет-нашрининг ёзишича, Тел-Авивдаги Аялон шоссесининг жанубий томонида намойишчиларни тарқатиб юбориш учун полиция ёқимсиз ҳидли кучли сув оқимларидан фойдаланишга мажбур бўлган.

Мухолифат етакчиларидан бири Яир Лапид Исроил фуқароларини кўчага чиқишга чақирди. У уруш авжида Галантнинг истеъфога чиқишини «жиннилик ҳаракати» деб атади.

Йоав Галантнинг баёноти

Айни пайтда Йоав Галантнинг ўзи Исроил ҳукуматини Ғазо секторида Ҳамас ташкилоти қўлида қолган гаровга олинганларни тириклайин уйларига қайтаришга чақирди. «Ҳамас томонидан ўғирлаб кетилган ўғил-қизларимизни қайтариш бизнинг маънавий ва ахлоқий бурчимиздир, - деди у. - Биз буни улар тириклигида имкон қадар тезроқ қилишимиз керак».

Галантнинг қўшимча қилишича, «гаровга олинганларни қайтариш мумкин, аммо бу оғриқли муросаларни талаб қилади». «Исроил давлати бу муросага қандай дош бера олишини билади» ва «Исроил армияси буни қандай таъминлаши мумкинлигини билади», деди у.

Исроил президенти Герцогнинг Галантнинг истеъфоси ҳақидаги баёноти

Ўз навбатида, Исроил президенти Ицхак Герцог Бинямин Нетаняҳунинг мамлакат мудофаа вазири Йоав Галантни ишдан бўшатиш ҳақидаги қарори фонида уруш пайтида юзага келиши мумкин бўлган сиёсий тўнтаришдан огоҳлантирди. «Исроилга ҳозир керак бўлган охирги нарса — бу тўнтариш ва уруш давом этаётган пайтда бурилиш нуқтаси», деди у 5 ноябр куни кечқурун. Исроил давлати раҳбарининг сўзларига кўра, мамлакат хавфсизлиги «барча фикрлардан устун» бўлиши керак. «Мамлакат раҳбариятининг вазифаси ҳозирги вақтда катта масъулият билан ҳаракат қилишдир», деди у.

Шу билан бирга, АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден маъмуриятининг исмини ошкор этмаган вакили The Times of Israel интернет нашрига берган изоҳида Вашингтонда Нетаняҳуга Галантнинг истеъфоси ва бу қарорга нима сабаб бўлганлиги бўйича «саволлари борлигини» таъкидлади.

Аввалроқ Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Галантни мақтаб, унинг вориси билан ҳамкорлик қилишга ваъда берган баёнот билан чиққан эди. Бироқ, The Times of Israel нашрига исмини ошкор қилмаслик шарти билан гапирган манба «нисбатан камроқ дипломатик позицияда эди», деб таъкидлади нашр. «Мудофаа вазири Галантни ишдан бўшатиш ҳақидаги кутилмаган қарор, айниқса, икки уруш авжида ва Исроил Эроннинг эҳтимолий ҳужумидан ҳимояланишга тайёрланаётган бир пайтда ташвиш уйғотмоқда», — дея амалдорнинг сўзларидан иқтибос келтирган журналистлар.