Кремл янги сафарбарлик бўлмаслигини маълум қилди
Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песковга кўра, россияликларнинг ўзи урушга бориш учун Мудофаа вазирлиги билан шартномалар имзоламоқда.
Россияда сафарбарлик ўтказиш зарурати йўқки, чунки россияликларнинг ўзи жанговар ҳаракатларда иштирок этиш учун фаол бўлиб шартномалар тузмоқда, дейди РФ президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков.
«Сафарбарлик тўғрисида ҳеч қанақа гап йўқ», — дейди Песков. Унинг сўзларига кўра, Россия фуқаролари Мудофаа вазирлиги билан фаол равишда шартномалар тузмоқда, урушга юборилишдан олдин эса улар яхшилаб тайёргарликдан ўтказиляпти.
«Бундайлар жуда кўп — ҳар куни юзлаб одамлар шартнома имзолаяпти ва махсус ҳарбий операцияга йўл оляпти», — дея қўшимча қилади Песков.
Россия ҳукуматининг армияга кўпроқ шартнома бўйича ҳарбий хизматчиларни жалб этиш истаги урушдаги кўплаб йўқотишлари билан изоҳланмоқда. Пентагон маълумотларига кўра, Украинага қарши уруш бошлаганидан бери Россиянинг 600 мингдан ортиқ аскари ҳалок бўлган ва яраланган. Америкалик юқори мартабали амалдорга кўра, урушда Украина Қуролли кучларининг 57,5 минг ҳарбийси ўлдирилган ва яна 250 минг украиналик яраланган.
Америкалик ва британиялик ҳарбий таҳлилчилар Россиянинг йўқотишларини кунига 1200 кишига баҳоламоқда. Шу билан бирга, Россия ҳар ой 25-30 минг аскарни армияга жалб қиляпти. Бу РФ армиясига урушга қўшинлар юборишни давом эттиришига хизмат қилмоқда.
Владимир Путин июн бошларида Россия армияси Украинага бостириб кирганидан бери 130 мингдан ортиқ ҳарбийсидан айрилганини ва яна шунчаси яраланганини маълум қилганди. «Медиазона» ва BBC рус хизмати ўрганишларига кўра, уруш бошлангандан буён 80 мингдан ортиқ россиялик ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган. 23 ноябр ҳолати бўйича журналистлар ўлдирилган 79 минг 819 нафар ҳарбийнинг шахсини аниқлашга муваффақ бўлган.
Аввалроқ Россия Конституциявий суди Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузган шахсларни унвонига қараб 65 ёки 70 ёшга тўлмасдан хизматдан бўшатиш мумкин эмаслиги ҳақида қарор чиқарганди.