Ўзбекистон | 15:24 / 27.11.2024
1061
2 дақиқада ўқилади

Атроф-муҳитни ифлослантирувчи манбалар мониторинг қилинади

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан саноат корхоналарининг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтиришни таъминлаш чоралари белгиланди.

Туман (шаҳар)ларда атмосфера ҳавосининг ифлосланишини фон мониторинги қилишнинг 347 та автоматлаштирилган кичик станциясини харид қилиш ва ўрнатиш режалаштирилган. Ҳужжат билан автоматлаштирилган кичик станцияларнинг манзилли рўйхати тасдиқланди.

Ифлослантирувчи манбаларни сифатли мониторинг қилиш учун тасдиқланган жадвалга кўра, хўжалик юритувчи субъектлар (атроф-муҳитга таъсир кўрсатиш I тоифаси – 2025 йил 1 июлгача, II тоифаси – 2025 йил охиригача) қуйидагиларни таъминлашлари керак:

устувор турғун (ташкиллаштирилган) ифлослантириш манбаларидан атмосфера ҳавосига чиқариладиган ташламаларни мониторинг қилишнинг автоматлаштирилган кичик станцияларини ўрнатиш;
юқори самарали чанг ва газни тозалаш қурилмалари ҳамда маҳаллий сув тозалаш иншоотларини янгиларига алмаштириш ва мавжудларини модернизация қилиш;
хўжалик юритувчи субъектларнинг санитария-ҳимоя зоналарини автоматлаштирилган стационар кузатув постлари билан жиҳозлаш.
 
Ўрнатиладиган янги чанг-газни тозалаш ускунасининг самарадорлиги камида 99,5 фоиз, мавжуд модернизация қилинадиган ускуналарники – камида 95 фоиз, янги ва модернизация қилинадиган маҳаллий сув тозалаш иншоотлариники – камида 80 фоиз бўлиши керак.

Мавзуга оид