Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўт очишни тўхтатишга келишиб олди. Исроил яқин 60 кун ичида Ливан ҳудудидан қўшинларини олиб чиқиб кетиши керак. Хўш, 58 кун давом этган Исроил–“Ҳизбуллоҳ” уруши нега бошланган эди? Томонлар ўз мақсадларига қанчалик эришди? Kun.uz “Геосиёсат” дастурига сиёсий таҳлилчилар Шавкат Икромов ва Камолиддин Раббимовни таклиф этди.

— “Ҳизбуллоҳ” Исроилнинг Ғазодаги уруши сабаб бу можарога аралашган эди. Бугун “Ҳизбуллоҳ” ўз мақсадига қанчалик эришди?

Шавкат Икромов: Ғазода уруш бошлангандан кейин, Ҳамасни қўллаб-қувватловчи сифатида “Ҳизбуллоҳ” майдонга чиққан эди. Эрон ҳам қўллаб-қувватловчи сифатида бу урушда иштирок этди. Натижада 2024 йил сентябрининг иккинчи ярмида Исроил Ливан ҳудудидаги “Ҳизбуллоҳ” объектларига доимий зарбалар беришни бошлади ва уруш Ғазодан ташқарига чиқиб кетди.

Уруш Ливаннинг жануби бўйлаб жуда тезкор ва шиддатли тарзда давом этди. Исроилда урушни узоқ вақт давом эттириш учун имконият эмасди, имкон қадар қисқароқ вақт ичида “Ҳизбуллоҳ”ни таслим қилиши керак эди. “Ҳизбуллоҳ” ҳам қарши ҳужумларга ўтди, бир неча марта Тел-Авивга ракеталар учиришга муваффақ бўлди. Исроил армиясига маълум зарар етказди. Шу билан бирга, Ливандаги тинч аҳоли катта йўқотишларга дучор бўлди. Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги маълумотларга кўра, уруш натижасида уч мингга яқин тинч аҳоли вафот этган. 800 мингдан ортиқ одам ўзининг доимий турар жойларини ташлаб кетган.

“Ҳизбуллоҳ” бирор бир натижага эриша олгани йўқ. Қўшма Штатлардаги сайловларда Доналд Трампнинг сайлангани маълум бўлгандан кейин, Исроил мудофаа вазири “Ҳизбуллоҳ” тўлиқ кучсизлантирилгани ҳақида баёнот билан чиқди. Ундан аввалроқ эса Ҳамас ҳақида ҳам худди шундай деганди. Ўшанда биз “Ҳизбуллоҳ” ва Исроил сулҳга яқин келаётгани ҳақида айтган эдик ва мана, ҳозир бу вақтинча бўлса ҳам амалга ошди.

Камолиддин Раббимов: “Ҳизбуллоҳ”нинг урушдан кўзлаган асосий мақсади – Исроилга максимал даражада зарар етказиш эди, лекин у бунга тўлақонли эришгани йўқ. 2023 йил 7 октябр куни Исроил “Ҳизбуллоҳ”га урушга аралашган тақдирда Ливанни бутунлай хонавайрон қилиш билан таҳдид қилганди. Бу ерда бир қанча омиллар кесишди. Биринчидан, бу вақтда Эрон ҳокимияти ўзгарди ва мамлакатда Ғарб билан келишув ҳамда уруш эскалациясидан чекиниш масаласи кун тартибига кўтарилди. Иккинчидан, Исроил манипуляциядан фойдаланди, яъни аввалига бор кучини Ҳамасни вайрон қилишга қаратиб, маълум даражада мақсадига эришганидан сўнг, кучларини “Ҳизбуллоҳ” томонга бурди. Учинчидан, Исроил ўзининг ўн йиллар давомида тўпланган разведка маълумотларидан фойдаланиб, “Ҳизбуллоҳ”нинг асосий лидерларини йўқ қилди.