Яқин Шарқдаги тинчлик — мўрт материя, айниқса ҳавода ҳали тунги бомбардимондан кейинги тутун тарқамаган ва тинчлик даври томонлардан бирига экзистенциал хавф туғдириши мумкин бўлган шароитда.

«Ҳизбуллоҳ» рози бўлган сулҳ шартларидан бири унинг кучлари Исроил билан жанубий чегара яқинидан олиб кетилишидир. Бу амалда гуруҳни ўзининг асосий миссияси — яҳудийлар давлатига қарши курашишни самарали амалга оширишдан маҳрум этади.

«Ҳизбуллоҳ» Ливанда катта ҳарбий қудратга айланиши ва кучли сиёсий таъсирга эга бўлишини таъминлаган Эроннинг қўллови ва пуллари биринчи навбатда «умумий сионист душман»га яқин бўлгани учун бериларди, «Ҳизбуллоҳ» Теҳронни хурсанд қилиш учун Исроилга бор имконияти билан жисмоний босим ўтказиб туриши керак эди.

Ливан ҳудуди ичкарисига кетиши «Ҳизбуллоҳ»ни қийин аҳволга солиб қўяди. Гуруҳга Эроннинг кўмаги сақланиб қоладими, унинг мақсадлари ўзгарадими ва у Яқин Шарқдаги янги кучлар мувозанатида ўз таъсирини йўқотмайдими? BBC шарҳловчиси Анастасия Успенская шу мавзуни таҳлил қилди.

Эрон ташлаб қўймайди

Юқоридаги қўйилган саволларнинг барчасига, ҳеч бўлмаганда яқин келажак учун тасдиқ маъносида жавоб бериш мумкин.

Сулҳ эълон қилинганидан кейинги илк соатлардаёқ Байрутдан мамлакат жануби томон юзлаб автомобиллар йўлга тушди. Жанубий ҳудудлар аҳолиси ҳали Исроил қўшини кетмаганига қарамай, ўз уйларига қайтишга шошилмоқда. Фото: AFP 

«Ҳизбуллоҳ» — Эрон чегараларидан ташқарида ҳаракатланувчи энг қудратли ва энг функционал эронпараст куч бўлиб, Теҳрон шаффофлиги ва ҳаётийлиги ҳали номаълум бўлган қандайдир тинчлик келишувини деб бундай кучли таъсир кучидан воз кечиши даргумон.

Бундан ташқари, Эрон ҳукумати Исроил билан тўғридан тўғри тўқнашувдан манфаатдор эмас. Жорий йил апрел ва октябр ойларида Теҳрон томонидан амалга оширилган бир неча ракета зарбалари — Эрон бу босқичда тайёр бўлган максимум ишдир.

«Ҳизбуллоҳ» Яқин Шарқ минтақасининг Исроил жойлашган мазкур қисмида Эроннинг «қўллари» бўлиб қолади. Ва заифлашган (Исроил унинг юзлаб объектларини вайрон қилди) ва бошсиз қолдирилган (Ҳасан Насруллоҳ ўлимидан кейин) ҳарбий ҳаракатларда юзага келадиган танаффус Эронга гуруҳ аста-секинлик билан тикланишида ёрдам бериши учун қўл келиши мумкин, деб ҳисоблайди Британиядаги мудофаа масалалари бўйича таҳлил маркази (RUSI) экспертлари.