Президент администрацияси собиқ мулозими Комил Алламжоновга суиқасд ташкилотчиларидан бири сифатида кўрилаётган Жавлон Юнусов Ўзбекистонда ўнлаб бизнес лойиҳаларда иштирок этиб келган. У таъсис этган фирмалар қураётган кўп қаватли турар-жой мажмуалари мижозларга келишилган муддатда топширилмагани маълум бўлди. Мижозларга ваъда қилинган квартиралар қурилмаган, улар тўлаган “пулни қайтаришни ваъда бераётган” сотув офислари айни пайтда ёпиқ. Қурилиш, фармацевтика, таълим, мебел ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларда фаолият юритувчи ўнлаб фирмаларда таъсисчи бўлган Жавлон Юнусовнинг ўзи эса ҳозир қамоқда.
Комил Алламжоновга суиқасд ташкилотчиларидан бири сифатида кўрилаётган Жавлон Юнусов Ўзбекистонда турар-жой мажмуаларини қуриш, фармацевтика, таълим, мебел ишлаб чиқариш ва бошқа кўплаб соҳаларда фаолият юритиб келаётган компанияларнинг улушдори ҳисобланади.
Бир гуруҳ фуқаролар Kun.uz'га йўллаган мурожаатларида Жавлон Юнусовга тегишли экани айтиладиган компания қураётган кўп қаватли турар-жой мажмуалари ваъда қилинган муддатда топширилмаётгани ҳақида сўз боради.
“Minor Towers”
Пойтахтнинг Шайхонтоҳур тумани Лабзак маҳалласида қад ростлаши керак бўлган “Minor Towers” қурилиши номаълум сабабларга кўра тўхтаб қолган.
Ушбу мажмуани Жавлон Юнусов 90 фоиз улушига эгалик қилувчи "Bir Capital Fund I" МЧЖ қураётган бўлган.
“Георгий деган ёш директор бор. У бизни ҳадемай қурилади, юзимиз ёруғ бўлади деб алдаб юрди. Нуқул Жавлон акам деб унинг исмини айтаверарди. “Запис”ларим ҳам бор. Кейин билсак, Жавлон Юнусов ОАВларда кўп чиқаяпти-ку, Алламжоновга [нисбатан уюштирилган суиқасдга] алоқадор экан. Демак, бу ерда бандитлар бошқарган экан-да? Демак, олдиндан булар уюштириб, одамларни пулини олиб еб юрмоқчи бўлган инсонлар экан”, – дейди қурилиш фирмасидан жабрланганлардан бири.
Мазкур МЧЖ вакиллари ўз мижозларига орзудаги “Minor Towers” 25 қават бўлиши, шундан 5 қаватида хизмат кўрсатиш тармоқлари жойлашиши, 2025 йилнинг иккинчи ярмида хонадонлар ўз эгаларига топширилишини айтган. Ижтимоий тармоқлар орқали айлантирилган рекламаларда шу каби ваъдалар берилган.
Фуқароларнинг эътирозларидан сўнг, “Minor Towers” раҳбари уй қурилиши 2025 йилнинг охирига қадар якунланишини маълум қилган. Бироқ, ҳудудда қурилиш изчил давом этмаган. Офис марказига келиб ҳолат бўйича тушунтириш сўраганларга тайинли жавоб берилавермагач, уларнинг кўпчилиги пулларини қайтариб олиш ҳаракатига тушишган.







