Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Сичуан провинцияси Хитой Коммунистик партия қўмитаси котиби билан учрашди.

"Сичуан провинцияси Коммунистик партия қўмитаси котиби Ван Сяохуэй жаноблари билан учрашишдан хурсандмиз, – деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг telegram-каналида. – Ўзбекистон ва Хитой ҳудудлари ўртасидаги тўғридан тўғри шериклик алоқалари ривожланаётгани икки Давлат Раҳбарлари томонидан белгиланган юқори марраларга эришишда юксак самара кўрсатмоқда". 

Томонлар Навоий шаҳрида Навоий - Сичуан саноат паркини ташкил этишга келишиб олди.

Ишбилармон доиралар ўртасидаги янада қизғин ва мунтазам алоқаларни қўллаб-қувватлаш, компанияларнинг бозорларда фаолият юритиши учун энг қулай шарт-шароитларни яратиш, доимий алмашинувни таъминлаш, янги истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш каби мавзулар кун тартибидан жой олди.