Шмигал Шолц билан қочқинларни Украинага қайтаришни муҳокама қилди
Киев украиналик қочқинларни ватанга қайтишга ишонтиришга ҳаракат қилмоқда. Шмигал Шолц билан ушбу масаланинг техник тафсилотларини муҳокама қилди.
Украина бош вазири Денис Шмигал Берлинга ташрифи чоғида украиналик қочқинларнинг тезроқ уйларига қайтишига умид билдирди. Бу ҳақда у 11 декабр, чоршанба куни RTL ва ntv'га берган интервюсида айтиб ўтди.
«Биз канцлер Шолц билан урушнинг биринчи кунларида қочган барча украиналикларнинг мамлакатимизга қайтишидан мутлақо манфаатдор эканлигимизни муҳокама қилдик, Украинада уруш пайтида барча украиналик қочқинлар илиқ кутиб олинди, биз бундан кейин ҳам уларни кутмоқдамиз», — деди Шмигал. Унинг сўзларига кўра, Киев Германия федерал ҳукумати билан қайтишнинг техник тафсилотларини аллақачон муҳокама қилган.
«Биз немис томони ва миллий бирлик бўйича янги вазиримиз билан биргаликда ишлаш ва барча украиналикларни имкон қадар тезроқ қайтариш бўйича ечим топишга келишиб олдик», деди Украина бош вазири мунозаралар тафсилотларини келтирмасдан.
Мерц Европада Украина бўйича алоқа гуруҳини тузишга чақирди
Христиан-демократик иттифоқ (ХДИ) ва Христиан-социал иттифоқ (ХСИ) мухолифат блокидан Германия канцлери лавозимига номзод Фридрих Мерц АҚШда бўлажак ҳокимият алмашиши муносабати билан Украинага кейинги ёрдамни мувофиқлаштириш учун Европа алоқа гуруҳини шакллантиришни таклиф қилди. «Биз Украина ҳеч қандай чекловларсиз ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқидан фойдаланиши учун ҳамма нарсани қилишимиз керак», деди у 9 декабр куни Киевда Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашувда.
Бундан ташқари, европаликлар Украинадаги уруш имкон қадар тезроқ тугаши учун ҳамма нарсани қилиши керак, деб таъкидлади Бундестагдаги ХДИ/ХСИ фракцияси раҳбари. Унинг сўзларига кўра, АҚШда Доналд Трампнинг ҳокимият тепасига келишига тайёргарлик кўриш ва барча эҳтимолий сценарийларни ўйлаб кўриш керак.
Мерц фикрича, Европага Германия, Франция ёки Британиянинг бир ўзи ишлаб чиқа олмайдиган стратегия керак. «Биз бу стратегияни фақат биргаликда ишлаб чиқишимиз мумкин», дея қўшимча қилди у. Мерц, шунингдек, Зеленскийнинг Дания бундай алоқа гуруҳида муҳим рол ўйнаши мумкинлиги ҳақидаги таклифини «катта қизиқиш билан» қабул қилганини айтди.
Мавзуга оид
16:32 / 30.11.2024
Берлин: Гуржистон учун ЕИга эшик очиқлигича қолмоқда
21:50 / 17.11.2024
Берлинда Россия мухолифати томонидан уюштирилган урушга қарши марш бўлиб ўтди
11:30 / 29.10.2024
Берлинда "Хўжа Насриддин" фестивали ўтказилди
11:50 / 23.10.2024