Жиззах вилоятига тайинланган янги ҳоким, Қашқадарёда ис гази қурбонига айланган оила, Навоийдаги мактабда вафот этган ўқувчилар ва Ал-Азҳар университети билан имзоланган меморандум — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Жиззах вилоятига янги ҳоким тайинланди
Ўзбекистон президентининг фармони билан Улуғбек Мустафоев Жиззах вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. У 2019 йилдан ҳозиргача «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бошқаруви раиси лавозимида ишлаб келаётган эди.
У 1968 йил 14 августда Жиззах вилоятида туғилган ва 1991 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтини «Молия ва кредит» мутахассислиги бўйича тамомлаган.
Мустафоев ўз меҳнат фаолиятини банк соҳасида бошлаб, бир қатор масъулиятли лавозимларда ишлаган. 2010–2016 йилларда Ўзбекистон Марказий банки раисининг биринчи ўринбосари, 2016–2017 йилларда Жиззах вилояти ҳокими биринчи ўринбосари лавозимларида фаолият юритган.
2017 йилдан 2019 йилгача «Ўзбекэнерго» АЖ бошқаруви раиси бўлиб ишлаган, 2019 йилдан ҳозиргача «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бошқаруви раиси лавозимида ишлаган.
Жиззах вилоятига 2017 йилдан буён раҳбарлик қилиб келган Эргаш Солиев бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимдан озод этилди.
Навоийда вафот этаётган мактаб ўқувчилари
Кармана туманидаги 30-умумтаълим мактабида шу йилнинг ўзида уч нафар ўқувчи вафот этди.
18 декабр куни 9-синф ўқувчиси (ўғил бола) ўзини осиб, жонига қасд қилди. Бир ой аввал — 18 ноябр куни шу мактабнинг 11-синф ўқувчиси (қиз бола) ҳам ўз жонига қасд қилган эди. Қизнинг ота-онаси шу мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайди.
Шунингдек, 24 май куни 6-синф ўқувчилари дарс пайтида чўмилишга борганида, улардан бири сувга чўкиб ҳалок бўлганди.
Ушбу қайғули ҳодисалар бўйича ҳозиргача расмий муносабат билдирилмаган. Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳолатлар юзасидан суриштирув ишлари давом этаётганини маълум қилган. Аммо натижалар ҳақида қўшимча маълумот тақдим этилмади.















