NASA томонидан учирилган коинот зонди Қуёшга рекорд даражада яқинлашмоқчи. Parker Solar Probe шафқатсиз ҳарорат ва ҳаддан ташқари радиацияга бардош бериб, юлдузнинг ташқи атмосферасига кирди. Ушбу парвоз пайтида, ниҳоятда юқори ҳарорат шароитида, бир неча кун давомида қурилма билан алоқа узилиб қолган. Олимлар ундан 28 декабр куни сигнал олишни кутмоқда, шу вақтда унинг омон қолгани ёки йўқлиги маълум бўлади. NASA зонд Қуёшнинг фаолиятини яхшироқ тушунишимизга ёрдам беради, деб умид қилмоқда.

«Одамлар асрлар давомида қуёшни ўрганиб келди, бироқ унга яқинлашмагунча, атмосфераси ҳақида аниқ тасаввурга эга бўла олмайсиз. Шу тарзда, биз ҳам юлдузимиз атмосферасига кирмагунча, уни баҳолай олмаймиз», деди NASA илмий раҳбари Никола Фокс BBC нашрига.

Parker Solar Probe 2018 йилда Қуёш системаси марказига йўл олди. У аллақачон Қуёш ёнидан 21 марта учиб ўтган ва унга тобора яқинлашмоқда, аммо янги йил арафасида бу яқинлашиш рекорд даражада бўлади. Энг яқин нуқтада зонд Қуёш юзасидан 6,2 миллион км узоқликда бўлиши керак.

Бу унчалик яқин эмасдек туюлиши мумкин, аммо NASA ходими Никола Фокс буни шундай изоҳлайди: «Биз Қуёшдан 149 миллион километр узоқликдамиз. Ва агар Қуёш ва Ер бир-биридан бир метр масофада жойлаштирилса, Parker Solar Probe Қуёшдан тўрт сантиметр узоқликда бўлади. Демак, бу жуда яқин».

Зонд Целсий бўйича 1400 даража ҳароратга ва борт электроникасига зарар етказиши мумкин бўлган радиацияга бардош бериши керак бўлади. У 11,5 см қалинликдаги углеродли композит қалқон билан ҳимояланган, аммо ҳалокатга йўл қўймаслик учун қурилма юлдузга юқори тезликда яқинлашиб, кейин тезда ундан узоқлашиши керак.

Аслида у бошқа сунъий объектларга қараганда тезроқ ҳаракатланади: унинг тезлиги 692 минг км/соат ни ташкил қилади – бу Лондондан Ню-Йоркка 30 сониядан камроқ вақт ичида учиш билан тенг.

Зонд Қуёшга шунчалик яқин жойда пайдо бўладиган улкан тортишиш кучи таъсирида бу тезликка эриша олади.

Хўш, Қуёшга яқинлашиш нега керак бўлиб қолди? Олимлар бу орқали Қуёшнинг тожи билан боғлиқ кўп йиллик сирни ҳал қилишга умид билдирмоқда.

Уэлсдаги Fifth Star Labs астрономи Женнифер Миллард: «Тож жуда ва жуда иссиқ ва бунинг сабабини билмаймиз», деб тушунтирди.

«Қуёш юзаси ҳарорати Целсий бўйича 6 минг даражани ташкил қилади, аммо қуёш тутилиши пайтида кўриш мумкин бўлган ўша юпқа ташқи атмосфера тожи миллионлаб даражагача қизийди – бу Қуёшдан жуда узоқ масофада. Хўш, қандай қилиб бу атмосфера шунчалик қизиб кетади?», деди у.