Жорий йил 18 сентябрда туризмни ривожлантириш бўйича ҳукумат қарори қабул қилинган эди. Унда сайёҳлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва бизнес жараёнларини рақамлаштириш мақсадида вазирлик ва идораларга бир қанча топшириқлар берилган.

Хусусан, қарорнинг 8-бандида 2024 йил якунига қадар халқаро онлайн тўлов компаниялари (PayPal, AliPay, UniPay, Apple Pay, Google Pay каби) билан музокара ўтказилиб, ушбу воситалар Ўзбекистондаги тўлов тизимлари ва банк хизматларига уланиши, зарур ҳолларда, миллий қонунчилик талабларини қайта кўриб чиқиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиши белгиланган. Ушбу топшириқ ижрочилари сифатида Марказий банк, шунингдек Рақамлаштириш вазирлиги ва Туризм қўмитаси кўрсатилган.

Kun.uz мухбири Марказий банк билан боғланиб, қарор ижроси юзасидан қилинган ишлар ҳақида сўради.

Маълум қилинишича, 2024 йил давомида Марказий банк томонидан маҳаллий банклар томонидан эмиссия қилинган Visa ва Mastercard халқаро карталарини «Apple Pay» ва «Google Pay» тизимига улаш бўйича бир неча бор музокара олиб борилган.

«Ушбу музокараларда Apple ва Google компаниялари томонидан Ўзбекистон ҳудудида эмиссия қилинган банк карталарини Apple Pay ва Google Pay тизимига улаш учун бугунги кунда амалдаги қонунчилик ҳужжатлари, хусусан Ўзбекистоннинг «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунининг айрим талабларини қайта кўриб чиқиш зарурлиги билдирилган.

Шунингдек, Google компанияси томонидан тақдим этилган тақдимотда шахсга доир маълумотлар Google компаниясининг ахборот тизимида сақланиши таъкидлаб ўтилган бўлиб, Google Pay технологияларининг мамлакатимиз тўлов хизматлари бозорига кириб келиши оқибатида пайдо бўлиши мумкин бўлган рискларнинг олдини олиш мақсадида шахсга доир маълумотлар соҳасини тартибга солувчи масъул давлат органларининг тегишли хулосалари олиниши тақозо этилади», – дейилади Марказий банк тақдим қилган изоҳда.

Таъкидланишича, ҳозирда «қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларни қайта кўриб чиқиш ҳамда Apple Pay ва Google Pay хизматларини мамлакатимизда жорий этиш бўйича Рақамли технологиялар вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ва Марказий банк томонидан ишлар олиб борилмоқда».

Регулятор, шунингдек, 2019 йилдан бошлаб Apple Pay ва Google Pay тизимларида ишлайдиган мамлакатларнинг чет эллик сайёҳлари учун Ўзбекистон ҳудудида Humo тўлов тизимининг терминаллари орқали тўловларни амалга ошириш имконияти яратилганини эслатган.