Ўзбекистонда Google Pay ишга тушди: ундан қандай фойдаланиш мумкин?
|16:251 1137 мин
Google Pay android ёрдамида банк картасини чиқармасдан харидлар учун тўлов қилиш имконини беради. Бунинг учун қўллаб-қувватланадиган картани Google Wallet иловасига қўшиш керак. Ўзбекистонда қайси банклар Google Pay’ни қўллаб-қувватлаши, картани қандай улаш ва қурилма йўқолса нима қилиш кераклигини тушунтирамиз.
Foto: firstdirect.comFoto: firstdirect.com
Google Pay нима ва у қандай ишлайди?
27 октябрдан Android ва Wear Os фойдаланувчилари Google Wallet иловасидан фойдаланишлари мумкин.
Google Pay — интернетда, мобил иловаларда ва мос тўлов терминалларида харидлар учун тўлаш имконини берувчи хизмат.
Ишлаш тартиби оддий: фойдаланувчи банк картасини Google Wallet'га қўшади, шахсини тасдиқлайди ва телефонни контактсиз тўлов терминалига яқинлаштириб, тўлов қилади. Бунда телефон NFC — яқин масофадаги симсиз алоқа технологияси орқали терминал билан маълумот алмашади.
Харид учун пул Google Pay'даги алоҳида балансдан эмас, уланган банк картасидан ечилади. Шунинг учун картада етарли маблағ бўлиши ва банк транзакцияни тасдиқлаши керак.
Ўзбекистонда қайси карталар орқали фойдаланиш мумкин?
Google Pay'га Ўзбекистондаги барча банк карталари хизматга уланмаган.
Ҳар бир банк ўз карталари учун Google Pay'ни алоҳида қўллаб-қувватлайди.
Google Wallet ҳозирда 9 та банк карталарини қўллаб-қувватлайди:
AVO Bank — Mastercard;
Octobank — Visa ва Mastercard;
Uzum Bank — Visa;
TBC Bank — Visa ва Mastercard;
Алокабанк — Visa ва Mastercard;
Капиталбанк — Visa ва Mastercard;
Ipak Yuli Bank — Visa ва Mastercard;
НБУ — Visa ва Mastercard;
Orient Finans Bank — Visa ва Mastercard.
Google Pay'дан фойдаланиш учун нима керак?
Дўконларда контактсиз тўлов қилиш учун қуйидагилар талаб этилади:
NFC функцияси мавжуд Android ёки Wear Os қурилмаси;
телефоннинг хавфсизлик талабларига мос дастурий таъминоти.
Мавзуга оид
NFC функцияси бўлмаса, контактсиз тўлов қилиб бўлмайди. Шунингдек, NFC ёқилган бўлиши ва Google Wallet асосий контактсиз тўлов иловаси сифатида белгиланиши керак.
Google Pay'дан фойдаланиш:
1. Плаймаркетдан Google Wallet иловасини ўрнатинг;
Фото: Kun.uz
Плаймаркетдан Google Pay'ни ўрнатиш.
2. Банк картасини қўшинг;
«Добавить в Кошелек» тугмасини босинг. Кейин «Добавить платежную катру» бўлимини танланг;
Карта маълумотларини телефон камераси орқали сканерлаш ёки қўлда киритиш мумкин; Илова кўрсатган шартларни ўқинг ва давом этиш учун розилик билдиринг;
Фото: Kun.uz
Банк картасини қўшиш.
3. Картани тасдиқланг;
Фото: Kun.uz
Банк картасини тасдиқлаш.
Банк карта эгасини текшириши учун экрандаги кўрсатмаларни бажаринг.
Агар карта қўшилмаса, бу карта Google Wallet орқали тўлов қилиш учун ҳали қўллаб-қувватламаётган бўлиши мумкин.
4. NFC функциясини ёқинг
«Созламалар» — «Settings» бўлимига киринг ва NFC функциясини топинг. Уни ёқинг.
Меню қурилма модели ва унда ўрнатилган тилга қараб фарқ қилиши мумкин. Кейин Google Wallet'ни асосий контактсиз тўлов иловаси сифатида белгиланг ва экран қулфи ўрнатилганини текширинг .
5.тўлов қилинг
Кассирга Google Pay орқали тўламоқчи эканингизни айтинг. Қурилма экранини қулфдан чиқариб, уни контактсиз тўлов белгиси бор терминалга яқинлаштиринг.
Тўлов муваффақиятли амалга ошганда, тасдиқ белгиси пайдо бўлади. Агар тўлов ўтмаса, телефонни терминалга бошқа томони билан яқинлаштириб кўриш ёки банк билан боғланиш мумкин.
Google Pay интернетсиз ишлайдими?
Ҳа, Google Wallet'га банк картаси аввалдан қўшилган бўлса, дўконда контактсиз тўлов қилиш учун телефон доим интернетга уланган бўлиши шарт эмас.
Бироқ интернетсиз тўловлар сони чекланган. Google Wallet қурилмада сақланган тўлов маълумотларидан фойдаланади, уларни янгилаш учун эса вақти-вақти билан интернетга уланиш талаб этилиши мумкин.
Интернетсиз ишлаши учун картани олдиндан Google Wallet'га қўшиш ва банк тасдиғидан ўтиш лозим. Картани иловага қўшиш ва тўлов ҳақидаги хабарномаларни олиш учун эса интернет керак бўлади.
Google Pay’дан чет элда фойдаланиш мумкинми?
Ҳа, агар картангиз Google Wallet’га қўшилган ва борган давлатингиздаги тўлов терминали контактсиз тўловни қабул қилса, Google Pay орқали харидлар учун тўлашингиз мумкин.
Бунинг учун карта чиқарган банк чет элдаги тўловларга рухсат бериши, картангиз эса Google Wallet билан ишлаши керак. Шунингдек, терминалда Google Pay ёки контактсиз тўлов белгиси бўлиши лозим.
Сафардан олдин:
картангиз Google Wallet’да тўловга тайёр эканини текширинг;
банк картангизда халқаро тўловлар ёқилганига ишонч ҳосил қилинг;
банкнинг чет элдаги тўловлар ва комиссиялар бўйича шартларини ўрганинг;
боришни режалаштирган давлатда Google Wallet орқали контактсиз тўлов қўллаб-қувватланишини текширинг.
Google Pay'да хавфсизлик қоидалари мавжуд. Унга кўра шахсий маьлумотлар айрим мақсадларда фойдаланиш учун сақланади.
Google'нинг махфийлик сиёсатига кўра, тўлов маълумотлари транзакцияни амалга ошириш, тўловлар тарихини кўрсатиш, муаммоларни ҳал қилиш учун ишлатилади.
Қурилма йўқолса, нима қилиш керак?
Масалан, телефонингиз йўқолса ёки ўғирланса, бошқа қурилмадан Google'нинг Find Hub хизматига кириб, телефонни топиш, масофадан қулфлаш ёки ундаги маълумотларни ўчиришингиз мумкин.
Бунинг учун қурилмада Google аккаунти бўлиши ва тегишли хавфсизлик шартлари бажарилиши керак. Маълумотларни ўчирсангиз, қурилмадаги керакли файллар ҳам ўчиши мумкин.
Телефон йўқолганда банкка ҳам хабар бериш, зарур бўлса картани вақтинча блоклаш керак.
Эслаб қолинг
Google Wallet'ни фақат расмий Google Play манбасидан ўрнатинг.
Банк картаси маълумотлари, парол ва SMS-кодларни бошқа одамларга берманг.
Телефонда экран қулфи ва Google аккаунтингизда икки босқичли тасдиқлашни ёқинг.
Шубҳали ҳаволалар орқали банк ёки Google аккаунтига кирманг.
Банк иловасидаги операциялар тарихини текшириб туринг.
Телефон йўқолса, уни масофадан қулфланг ва банкка хабар беринг.
Карта Google Wallet'га қўшилмаган бўлса, банкдан картангиз хизматга мослигини аниқланг.