Нефт-газ тармоғи компаниялари учун қудуқларни қуриш ва капитал таъмирлаш хизматларини кўрсатувчи Eriell бир неча ойдан бери ходимларнинг иш ҳақларини тўламай келяпти.
Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган видеода компания ишчилари президентга мурожаат қилиб, иш ҳақини олишда ёрдам сўраган.
“Конституциямизнинг 2-моддаси: давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади, давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар. Биз нефт ва газ соҳаси бўйича Eriell компаниясида ишлаймиз. 2024 йилнинг август, сентябр, октябр ва ноябр ойида ишлаган иш ҳақимизни олганимиз йўқ. Бугун, 28 декабр”, – дейди мурожаатчилар.
Улар янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг 333-моддасида иш берувчи иш ҳақини ва бошқа тўловларнинг муддатини бузганлик учун 10 фоиз миқдорида компенсация тўлаши белгиланганини таъкидлаб, давлат раҳбаридан иш ҳақининг ўз вақтида берилиши ва кечиктирилган иш ҳақлари учун компенсация олишда ёрдам сўраган.
“Она ватанимизда ишлаб туриб ишлаган иш ҳақимизни ололмаслик ҳеч қайси рисолага тўғри келмайди, бу адолат мезонларини бузяпти. Фуқароларингиз сифатида адолатни қарор топтиришингизни илтимос қиламиз. Биз ҳам ойлик олиб байрам ўтказайлик”, – дейди мурожаатчилар.
Kun.uzʼгa мурожаат қилган Eriell ходимининг айтишича, видео Қорақалпоғистоннинг Урга конида олинган.
“Улар Eriell компаниясининг Устюрт лойиҳаси ишчиларидир. Лекин ойлик бўйича Eriellʼнинг барча лойиҳаларидаги ходимларида муаммо бўляпти. Лукоилнинг Қандим лойиҳаси бундан мустасно. Лукоил бизнинг компанияга ишчилар ойлигини бермасанг, янги қудуқ бермаймиз, деб шарт қўйган. Шу боис фақат Қандим проектидагилар сентябр (шу ой ҳам олинган) ойлигигача олган”, – дейди у.
Мурожаатчининг айтишича, Қандимдаги ишчилардан бошқа барча Eriell ходимлари охирги марта ноябр ойининг ўртасида июл ойлигини олган.
“Ундан кейин ҳеч қанақа иш ҳақи тўлангани йўқ”, – дейди у.
Eriell ходимларнинг иш ҳақларини кечиктираётгани ҳолати биринчи марта юз бермаяпти. Жорий йил сентябр ойида таҳририятга компания ходимлари 3 ойлик маошлари тўланмагани юзасидан мурожаат қилганди










