Узоқ йиллар давомида Гуантанамо қамоқхонасида сақланган тунислик Рида бин Салоҳ ал-Язиди озод этилиб, ватанига қайтарилди. Бу ҳақда Пентагон эълон қилган пресс-релизга таяниб BBC хабар берди.

Ал-Язиди ушбу қамоқхонада очилган вақтдан — 2002 йилнинг январидан бери дастлабки айблов эълон қилинмаган ҳолда ҳибсда сақланган. 59 ёшли эркак қамоқхонада олинган энг машҳур суратлардан бирида тасвирланган: унда маҳбуслар Camp X-Ray’даги очиқ осмон остида тиз чўккан ҳолда ўтирибди. Ушбу сурат АҚШнинг терроризмда гумон қилинганларни ҳибсга олиш борасидаги зиддиятли сиёсати рамзига айланган.

Ал-Язидидан ташқари яна уч киши Кения ва Малайзияга жўнатилган. Жо Байден администрацияси Гуантанамодаги маҳбуслар сонини босқичма-босқич қисқартирмоқда: у президентлик лавозимига ўтирганида қамоқхонада 40 нафар маҳбус сақланган бўлса, ҳозирда уларнинг сони 26 нафарни ташкил этмоқда. Маҳбусларнинг ярмидан ортиғи бошқа жойга ўтказилиш ҳуқуқига эга.

Гуантанамо қамоқхонаси Куба жануби-шарқидаги АҚШ ҳарбий-денгиз базасида жойлашган бўлиб, у 2001 йил 11 сентябр терактларидан кейин «терроризмга қарши кураш» доирасида қурилган. Қамоқхона ишга тушганидан бери халқаро ҳамжамиятнинг кескин танқидларига учраб келади ва у инсон ҳуқуқларининг бузилиши рамзига айланган.

22 йил давомида қамоқхонада жами 780 нафарга яқин маҳбус сақланган. Пентагон ал-Язидининг Тунисга қайтарилиш жараёнига оид батафсил маълумотларга тўхталмаган. New York Times’нинг ёзишича, Язидига айблов эълон қилинмаган, унинг бошқа жойга кўчирилиши эса 10 йилдан ортиқроқ вақт олдин маъқулланган.