Жамоатчилик фаоли Расул Кушербаев Wizz Air авиакомпанияси устидан президент порталига шикоят йўллади. Самарқанд–Абу-Даби рейсида экипаж аъзолари фавқулодда чиқиш жойи олдидаги ўриндиқда ўтирган Кушербаевга хавфсизлик қоидаларини инглиз тилида тушунтирган, йўловчи ўзбек ёки рус тилида тушунтиришни сўраганида, ундан бортни тарк этиш талаб қилинган. Авиакомпания бундай талаб қоидаларга мувофиқлигини билдирди.

Ўзбекистон экология вазирининг маслаҳатчиси Расул Кушербаев Wizz Air авиакомпаниясидан норози экани ва ўз шикоятини давлат раҳбарининг виртуал қабулхонасига йўллаганини маълум қилди.

У YouTube'га жойлаган видеосида айтишича, Wizz Air авиакомпаниясининг экипаж аъзолари парвоздан олдин аъзолари ундан хавфсизлик қоидаларини ўзбек ёки рус тилида тушунтиришни сўрагани учун бортни тарк этишни талаб қилган.

Kun.uz масалани ўрганар экан, авиакомпаниянинг мижозларни қўллаб-қувватлаш хизмати билан боғланди. Авиакомпания ходими йўловчига бундай талаб қўйилиши қоидаларга зид эмаслигини билдирди.

Кушербаев нима деди?

Расул Кушербаевнинг айтишича, у 9 ноябр куни Самарқанддан Абу-Дабига учган. Парвоздан олдин экипаж аъзолари Кушербаевга фавқулодда чиқиш эшиги олдида ўтиргани учун унга мажбуриятларини тушунтирган. Йўловчи инглиз тилини тушунмагани учун, борт кузатувчисидан ўзбек ёки рус тилида гапиришини сўраган. Иккинчи экипаж аъзоси эса бундай қилолмаслигини айтиб, Кушербаевдан самолётдан тушиб қолишини сўраган. Икки ўртада яна нималар бўлгани ҳозирча номаълум, Кушербаев жанжал кўтармаганини айтди.

Маълумки, авиакомпаниялар фавқулодда чиқиш эшиклари ёнидаги ўриндиқларни (оёқни бемалол узатиб ўтириш имконияти борлиги учун) одатда қимматроқ сотади. Лекин айрим ҳолларда бундай жойлар рейс учун энг охирги бўлиб рўйхатдан ўтган ёки бу ўринларни авиакомпаниянинг электрон платформаси орқали банд қилган йўловчиларга ҳам насиб этиши мумкин. Бу борада турли авиаташувчилар турлича ёндашувларга эга.

Расул Кушербаевнинг айтишича, то бортга чиққунча бундай жойда ўтиришидан бехабар бўлган, яъни унга бу жой тасодифан тўғри келиб қолган. Борт кузатувчи аввалига барчага хавфсизлик қоидаларини тушунтирган, шундан кейин фавқулодда чиқиш эшиги ёнида ўтирган Кушербаевга қарата яна инглиз тилида бошқа алоҳида тушунтиришлар берган. Кушербаев ўзбек ёки рус тилида тушунтириш беришларини сўраганидан кейин, ундан бортни тарк этиш талаб қилинган.