Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ Украинага 500 млн долларлик ҳарбий ёрдам пакети ажратади
Пентагон раҳбари Ллойд Остин Рамштайн базасида ўтказилган учрашувда АҚШнинг Украинага ажратадиган янги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилди. Бу Жо Байден администрацияси томонидан Киевга тақдим этиладиган сўнгги ёрдам бўлади.
Пентагон раҳбари Ллойд Остин Германиядаги Рамштайн базасида ўтказилган учрашувда АҚШ Украинага 500 миллион доллар миқдорида ҳарбий ёрдам йўналтиришини маълум қилди.
Ҳарбий ёрдам пакети «Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун қўшимча ракеталар, кўпроқ снарядлар, «ҳаво-ер» синфидаги ўқ-дорилар ҳамда мамлакатдаги F-16 самолётларини қўллаб-қувватлашда керак бўладиган бошқа жиҳозларни ўз ичига олади».
Ҳарбий ёрдам Presidential Drawdown Authority (PDA) тармоғи орқали йўналтирилади, бу — АҚШ ҳукуматига Киевга қуролларни Америка армияси захираларидан олиш имконини беради.
Аввалроқ Associated Press Оқ уй 9 январ куни Украинага янги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилиши тўғрисида хабар берганди. Ушбу пакет Жо Байден администрациясининг сўнгги ёрдами бўлиши айтилган. Манбалар мазкур ёрдам пакети «сезиларли даражада катта» бўлишига қарамай, АҚШ Конгресси Украинага ажратиш учун маъқуллаган 4 миллиард долларнинг ҳаммасини ўз ичига олмаслигини таъкидлаганди.
Жо Байден администрацияси РФ қўшинлари Украинага қарши кенг кўламли уруш бошлаганидан бери Киевга 63,5 миллиард доллардан ортиқ ёрдам ажратди. Байден администрацияси сўнгги ҳафталарда Доналд Трамп Оқ уйга қайтганидан сўнг Конгресс томонидан Киевга ажратилган ва шу вақтгача сарфланмаган маблағларни ўтказишдан бош тортиши мумкинлигидан хавотирланиб, Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишни тезлаштирди. Хусусан, декабр охирида Жо Байден Украинага жами 2,5 миллиард доллар ҳажмидаги ҳарбий ёрдам пакети ҳақида эълон қилганди.