Юрагингиз “раҳмат” дейди
Тадқиқотларга кўра, какао таркибидаги флавоноидлар юрак саломатлигига ижобий таъсир кўрсатиши мумкин. Бу моддалар яллиғланишни камайтиради, қон оқимини яхшилайди ва қон босимини меъёрда ушлаб туришга ёрдам беради.
2017 йилда Цюрих университети олимлари томонидан олиб борилган “Cоcоа, Blood Pressure, and Vascular Function” номли тадқиқот натижаларига кўра, какаони мунтазам истеъмол қилиш қон томирлари фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади ва артериал қон босимини пасайтиради. Тадқиқотда қайд этилишича, какао қон томирларни кенгайтирувчи ва уларнинг эластиклигини сақлаб қолишга ёрдам берувчи азот оксиди ишлаб чиқарилишини яхшилайди.
Холестерин миқдорини камайтиради
Қон босимини туширишдан ташқари, какао юрак хуружлари ва инсульт хавфини камайтириши мумкин бўлган бошқа хусусиятларга ҳам эга. Тадқиқотлар какао “зарарли” холестерин даражасини пасайтириши, яллиғланишни камайтириши ва аспирин каби қонни суюлтирувчи табиий восита бўла олишини кўрсатди.
2016 йилда Ҳарвард тиббиёт мактаби ва Браун университети олимлари томонидан ўтказилган мета-таҳлилда 1100 дан ортиқ иштирокчи қатнашган 19 та клиник тадқиқот натижалари ўрганилди. Хулоса қилинишича, какаони мунтазам истеъмол қилиш организмнинг инсулинга сезувчанлигини оширади, бу эса ўз навбатида юрак хуружлари ва инсульт хавфини камайтиради.
Аммо какао ишлов бериш ва қиздириш жараёнида ўз фойдали хусусиятларини 60 фоизгача йўқотиши мумкин.
Мия саломатлиги
Бостондаги Hebrew SeniorLife кексайиш тадқиқотлари институтидан Фарзане Соронд ва унинг жамоаси ўтказган тадқиқотда ҳар куни какао истеъмол қиладиган 34 нафар кекса кўнгиллида ўрта мия артериясидаги қон оқими тезлиги сезиларли даражада яхшилангани кузатилди.
Флаванолга бой какао истеъмол қилингандан сўнг, мияга қон оқими бир ҳафта ичида 8 фоизга, икки ҳафта ичида 10 фоизга ошган. Демак, ҳатто қисқа муддатли истеъмол ҳам хотира ва диққатга ижобий таъсир кўрсатиши мумкин.
Ёшлар орасида олиб борилган тадқиқотлар эса какаони мунтазам истеъмол қилиш диққатни жамлаш қобилиятини ошириши ва нейронлар ўсишига ёрдам беришини кўрсатган. 366 нафар иштирокчи билан ўтказилган 11 та клиник тадқиқот какао мия фаолиятини қўллаб-қувватлаши ва ақлий қобилиятларни яхшилаши мумкинлигини исботлаган.















