Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
The Washington Post газетаси 100 га яқин ходимини ишдан бўшатади
Amazon асосчиси Жефф Безосга тегишли газета иқтисодий сабабларга кўра ходимларининг 4 фоизини ишдан бўшатади. Қисқартириш асосан нашрнинг тижорий фаолияти билан шуғулланувчиларга тааллуқли.
Қисқартиришлар бошланиши ҳақида биринчи бўлиб Status нашри ўз манбаларига таяниб хабар берди. 7 январ куни WP вакиллари иқтисодий сабабларга кўра ходимларнинг 4 фоизи — камида 100 киши ишдан бўшатилишини расман эълон қилган.
«The Washington Post соҳа эҳтиёжларини қондириш, янада барқарор келажакни қуриш ва аудиторияга эришиш учун доимий равишда ўзгариб туради», — дейилади хабарда.
2023 йилда WP 77 миллион доллар зарар кўргани ва газета сайтининг аудиторияси қисқарганини маълум қилган эди. Ўшанда нашр айрим ходимларга компенсация эвазига ишдан бўшаш таклифини билдирган. Шу орқали газета ходимларнинг 10 фоизини қисқартирмоқчи бўлган.
Январ бошида рассом Энн Телнес The Washington Post унинг карикатурасини чоп этишдан бош тортгани сабаб ишдан бўшаган эди. Суратда Безос ва бошқа миллиардерлар АҚШнинг янги сайланган президенти Доналд Трамп ҳайкалига таъзим қилиб турган ҳолатда тасвирланган.
Телнеснинг таъкидлашича, карераси давомида унинг карикатураси муҳаррир томонидан ундаги тасвир сабаб биринчи марта қайтарилган. «Бу ўйин қоидаларини ўзгартиради ва сўз эркинлиги учун хавфли», — деб ёзган у.
2001 йилда Пулицар мукофотини қўлга киритган Телнес 2008 йилдан бери The Washington Post’да ишлаб келаётган эди.
2024 йилги президентлик сайловлари аввалида анъанавий равишда АҚШ Демократлар партияси тарафида чиқиш қилиб келадиган The Washington Post ярим асрдан бери биринчи марта давлат раҳбарлиги лавозимига номзодларнинг ҳеч бирини қўллаб-қувватламаслигини ва Трампнинг рақиби Камала Ҳаррис тўғрисидаги тайёр мақолани чоп этмаслигини маълум қилганди. Ушбу қарорга изоҳ берар экан Безос номзодларни қўллаб-қувватлаш «нохолислик ҳиссини» юзага келтиришини, сиёсий позицияни ошкор этмаслик эса The Washington Post обрўсини оширишини айтган. Аммо бунинг ўрнига газета юз минглаб обуначиларидан айрилди. Сайловлардан кейин Безос Трампни ғалабаси билан табриклаб, унинг иккинчи президентлик муддатига оптимизм билан қарашини таъкидлади.
Мавзуга оид
16:09 / 11.11.2025
АҚШда “Ню Гленн” ракетаcининг биринчи тижорат парвози қолдирилди
18:39 / 02.07.2025
Amazon раҳбари компаниянинг 737 млн долларлик акцияларини сотди
18:40 / 05.02.2025
Жефф Безос Трампнинг ғазабини келтирмаслик учун иқлим бўйича ташкилотни молиялаштиришни тўхтатди
17:19 / 16.01.2025