Калифорния жанубининг каттагина қисми, жумладан 13 миллион аҳоли яшовчи Лос-Анжелес агломерацияси 7 январдан буён ёнғинлар ичида қолди. Ҳозирга қадар 16 нафар қурбон ҳақида маълум, эвакуация зонаси 180 минг кишини қамраб олган, 12 мингдан ортиқ уй вайрон бўлган. Бир қанча нуфузли маҳаллалар, жумладан қатор таниқли шахсларнинг уйлари ёниб кетган. Олов Ҳолливуд тепаликларига қадар етиб бориб Лос-Анжелеснинг асосий диққатга сазовор масканлари — Hollywood белгиси, Сансет ва Шон-шуҳрат хиёбони булварларига таҳдид солмоқда. Калифорниядаги ёнғинлар — камёб ҳодиса эмас, аммо кўп йиллардан буён бу қадар вайронкор бўлмаганди. Бир неча омил бир вақтга тўғри келиши — «идеал бўрон»га сабаб бўлган.
Қурғоқчилик
Умуман олганда, Калифорнияда январ ойи ёмғирлар мавсуми ҳисобланади. Аммо бу ерга 2024 йил баҳоридан буён ёмғир тушмаган.
Одатий мавсумийликнинг бузилиши — иқлим ўзгариши оқибатидир, дейилади америкалик иқлимшунослар гуруҳининг 9 январ куни нуфузли Nature илмий журналида чиққан мақоласида. Калифорнияда сўнгги ўн йилликда буён қуруқ об-ҳаво ҳукм сурмоқда. 2022 ва 2023 йилларда эса жуда кўп ёмғир ёғган. Бу эса ўт-ўлан, буталар ва дарахтлар гуркираб ўсишига йўл очган. Кейин эса 2024 йил қуруқ кечди — барча ўсимликлар тезлик билан қуриб қолган ва ёнғинлар учун идеал ёнилғига айланган.
Шамол
2025 йил январида алоҳида табиат ҳодисаси — Санта-Ана шамоли эсди. Бу катабатик ёки қуловчи шамол деб аталади: у қитъа ичкарисидаги баланд тоғлардан водий томон тушиб келади ва иссиқ қуруқ ҳаво билан биргаликда саҳро чангларини ҳам ўзи билан олиб юради.
Санта-Ана шамоли декабр ва январ ойларида эсиши — ўрмон ёнғинларини қўзғатиши каби камдан кам учрайдиган ҳолатдир. Бу сафар у айниқса кучли бўлиб чиқди — айрим жойларда сониясига 45 метр тезликда ҳаракатланди (бу Америка Миллий бўронлар маркази таснифига кўра, беш тоифадаги довулларнинг иккинчисига тўғри келади).
Шамол ҳамон тингани йўқ ва бу ёнғин ўчоқларини жиловлашни сезиларли даражада мураккаблаштирмоқда.
Ўт ўчириш хизматининг муваффақиятсизлиги
Лос-Анжелес ўт ўчирувчилари фавқулодда вазиятга тайёр бўлмагани сиёсий спекуляция мавзусига ҳам айланди. Шунчаликки, АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп рўй берган ҳодисаларда ишчилар коллективида ижтимоий хилма-хилликни таъминлашга қаратилган кадрлар сиёсатини айблади. Унинг фикрича, гўёки энг малакали одамлар ўрнига улар квота бўйича турли ирқий, жинсий ва гендер мансублик бўйича ёллашган — якунда ишлайдиган одам топилмаган.









