23 август куни Тошкент халқаро аэропортида Қирғизистоннинг Aero Nomad авиакомпанияси Бишкек — Тошкент — Бишкек йўналиши бўйича амалга оширган биринчи мунтазам рейс кутиб олинди.
Авиакомпаниянинг Airbus A320 самолёти маҳаллий вақт билан соат 22:22 да Тошкентга қўнган.
Анъанага мувофиқ, янги авиаташувчининг самолёти аэропортда сув аркаси билан кутиб олинди. Илк рейс йўловчиларига эса миллий таомлар тақдим этилди.
Биринчи рейс орқали Бишкекдан Тошкентга 163 нафар йўловчи етиб келган. Тошкентдан Қирғизистон пойтахтига қайтиш рейсига эса 74 нафар йўловчи рўйхатдан ўтган.
Aero Nomadʼнинг Бишкек ва Тошкент ўртасидаги мунтазам парвозлари ҳафтасига икки марта — пайшанба ва якшанба кунлари Airbus A320 самолётларида амалга оширилади.
Шу тариқа, Aero Nomad Тошкент — Бишкек йўналишида тўғридан тўғри рейсларни амалга ошираётган учинчи авиакомпанияга айланди. Айни пайтда икки пойтахт ўртасида Uzbekistan Airways ва Centrum Air ҳам мунтазам парвозларни амалга оширмоқда.
Қирғизистон авиакомпанияси келгусида Ўзбекистондаги йўналишлар тармоғини янада кенгайтиришни режалаштирмоқда. Хусусан, Бишкекдан Самарқанд ва Урганч шаҳарларига парвозларни йўлга қўйиш имконияти кўриб чиқилмоқда.
Aero Nomad — 2021 йилда ташкил этилган Қирғизистон авиакомпанияси бўлиб, Бишкек халқаро аэропортида базаланган. Авиаташувчи Airbus A320 оиласига мансуб самолётларда мунтазам ва чартер рейсларни амалга оширади.









