24 август куни Киевда «Кўнгиллилар коалицияси» етакчиларининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Учрашув Украина мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ташкил этилди.
Айрим давлатлар раҳбарлари Киевга шахсан ташриф буюрган бўлса, бошқалар музокараларда видеоконференция орқали иштирок этди.
Йиғилиш якунида коалиция аъзолари Россия ҳарбий агрессиясига қарши курашаётган Украинани қўллаб-қувватлаш бўйича кейинги қадамларни келишиб олди.
Қўшма баёнотда иштирокчилар Россиянинг Украина шаҳарлари, муҳим инфратузилма объектлари ва тинч аҳолига қарши «тизимли ва тобора кучайиб бораётган зарбаларини» кескин қоралади.
Шунингдек, Украина маданий объектларига, жумладан Киев-Печерск лаврасига берилган зарбалар алоҳида тилга олинган.
Ҳужжатда Украина БМТ Низомининг 51-моддаси ва халқаро ҳуқуққа мувофиқ Россия агрессиясидан ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга экани яна бир бор таъкидланган.
Коалиция аъзолари Россия томонидан билдирилаётган таҳдидлар уларни Украинани қўллаб-қувватлашдан воз кечишга мажбур қила олмаслигини ҳам қайд этган.
Украина ҳаво мудофааси кучайтирилади
Киев иттифоқчилари Украинага ҳарбий ёрдам ҳажмини ошириш ниятини билдирди. Асосий эътибор мамлакатнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини мустаҳкамлашга қаратилади.
Шунингдек, Украина мудофаа саноати билан ҳамкорликни кенгайтириш ва ҳарбий технологиялар алмашинувини кучайтириш режалаштирилган. Бу ишлар, жумладан, ракетага қарши мудофаа коалицияси орқали амалга оширилади.
Иттифоқчилар Россия ҳарбий-саноат мажмуасига қарши санкцияларни ҳам кучайтирмоқчи. Москвага мавжуд чекловларни четлаб ўтишда ёрдам бераётган компаниялар, ташкилотлар ва бошқа субъектларга нисбатан ҳам қўшимча чоралар кўрилиши режалаштирилган.
Украина энергетикаси қишга тайёрланади
Учрашувда Украина энергетика тизимини яқинлашаётган қиш мавсумига тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Қўшма баёнотда Украина энергетика соҳасига зудлик билан ёрдам кўрсатиш зарурлиги таъкидланган.
Ёрдам, хусусан, Украина энергетикасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси орқали ҳамда махсус ускуналар етказиб бериш йўли билан амалга оширилиши режалаштирилган.










