Фақат бош эгиб турадиган, раҳбари нима деса маъқуллайдиган, фикрсиз, позициясиз, ташаббуссиз одамлар – ҳаммаси ўша – Сталин ихтиро қилган тузум руҳиятининг боласи, қўрқув ва хиёнат машинасининг асорати.
Сталин ўзи хиёнаткор бўлгани учун, хиёнатдан қўрқиб, хиёнат тузумини бино қилди. Бу тузумда сиз хиёнат қилиш орқали бирон нарсага эришар эдингиз ва... бир фурсат ўтиб, ўзингиз хиёнат қурбони бўлар эдингиз.
Ҳийланинг даҳолиги шунда эдики, репрессив ғалвир бирин-кетин одамларни олиб кетаверар эди, аммо тузумнинг эффективлигини таъминлаб турар эди, ўзига хос.
Хиёнат ўзи инсонлар табиатида салмоқли ўрин тутгани учун ҳам Сталиннинг тузуми яшовчан бўлиб чиқди ва ҳамон яшамоқда. Бу тузум албатта эгаларига ҳам хиёнат қилади, аммо узоқни кўролмайдиганлар учун у қулайдек кўринади. Ўзини ўлдирмоқчи бўлган киши учун соатига 500 километр тезликда юрадиган спорткар қўл келганидек.
Хиёнат тузуми қандай ишлар эди?
Давлат пиллапоясидан аввало яхши ва маънан соғлом кадрлар эмас, балки сотқинлар – ҳар лаҳзада ёнидаги одамни сотишга мойил бўлганлар кўтариларди.
Сталин ёшлигидаёқ инқилобий ҳаракатга қўшилган эди, инқилобчилар эса полициядан яшаринишга, чор-атрофга шубҳа билан қарашга мажбур эди. Айнан атрофга шубҳа билан қараш руҳиятини Сталин ўзи қурган тузумнинг моҳиятига айлантирди.
Қўрқув – тузумнинг асосий ҳаракатга келтирувчиси – мотори эди. Қўрқув остидаги инсон узоқни кўра олмайди – фақат ўзининг оддий эҳтиёжлари ва омон қолишни ўйлайди.
Қўрқувдан асаб толалари доим таранг турадиган бундай одам ҳар лаҳзада ёнидаги бир одамга ёки ҳамкасбига туҳмат қилишга яқин туради. Гўёки ўзини яхши кўрсатиб, омон қолиш ёки бирон нарсага эришиш учун. Катта синов эди бу ҳамма учун – қалблар синови.
Албатта, бундай қўрқув муҳитида катта қурилишлар қилинди, ГЭСлар-у шаҳарлар қурилди, аммо чақимчилиг-у туҳматларга қурилган хиёнат машинаси кўп миллион одамнинг нобуд бўлишига, ГУЛАГларга жўнатилишига олиб келди, минглаб истеъдодли одамлар қамалди, минглаб истеъдодлар очилмай қолди.
Давлат ходимлари аввало отилмаслик учун ҳаракат қиларди ва албатта бундай шароитда эркин фикрлай олмасди. Натижада камдан-кам давлат ишчисининг ички қобилиятлари рўёбга чиқарди. Фикрсиз, позициясиз, ташаббуссиз, фақат бош эгиб турадиган давлат ходимлари синфи юзага келди.








