Қайд этилишича, Ўзбекистон Қуролли Кучларини ислоҳ қилиш бўйича қуйидаги йўналишларда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда:

Биринчидан, президент ташаббуси билан "Халқ ва армия бир тан-у - бир жон" тамойили асосида ҳудудларда мудофаа соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш мақсадида ҳарбий-маъмурий секторлар ташкил этилди. Бугунги кунда мазкур секторлар армия билан маҳаллий ҳокимият ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамловчи, ҳудудий мудофаа масалаларида ҳал этувчи орган бўлиб хизмат қилмоқда.

Иккинчидан, ривожланган мамлакатлар илғор тажрибаси асосида ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизими қайта ташкил этилди ва оптималлаштирилди.

Хусусан, янги Ахборот-коммуникация технологиялари ҳарбий институти ва Олий ҳарбий авиация мактаби ташкил этилди. Ўзбекистон Қуролли Кучлар академияси ва Марказий Осиёда ягона бўлган Қуролли Кучларнинг тиббиёт Академияси ташкил этилиб, қисқа вақт ичида инновацион қурилмалар ва жаҳон даражасидаги технологияларга асосланган энг замонавий ўқув-моддий база билан жиҳозланди.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги тизимида ҳарбий илм-фанни ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар натижасида, сўнгги йилларда илмий салоҳият 4 фоиздан 56,7 фоизга етказилди.

Учинчидан, мудофаа саноати мажмуаси фаол ривожлантирилмоқда.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Мудофаа саноати агентлиги ташкил этилди ва айрим турдаги қурол-яроғ ва техника турларини ишлаб чиқариш модернизация қилинди ва маҳаллийлаштирилди.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда "Арслон" транспортёрлари, "Тарлон-М" ва "Қалқон" енгил зирҳли автомашиналари, шунингдек "Лочин" учувчисиз учиш аппаратлари ҳарбий техникаларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

"Арслон" зирҳли транспортери НАТО стандартларига мувофиқ мамлакат Қуролли Кучлари учун махсус ишлаб чиқарилган. Ушбу зирҳли транспортёр замонавий жанговар модулга эга бўлиб, кундузи ҳам, кечаси ҳам ҳар қандай иқлим шароитида жанговар вазифаларни бажара олади.

Умуман олганда, сўнгги йилларда қўшинларнинг замонавий қуроллар билан таъминланганлик даражаси 45 фоизни ташкил этди. Ўз навбатида, соҳадаги изчил ислоҳотлар Ўзбекистон армиясининг жанговар қудратини 2 баробар оширди.

Тўртинчидан, ҳарбий хизматчилар ва улар оила аъзоларининг ижтимоий ҳимояси кучайтирилди. "Инсон қадри учун" тамойили асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида сўнгги беш йилда 10 мингга яқин ҳарбий хизматчи имтиёзли кредитлар асосида уй-жой билан таъминланди. Ҳарбий хизматчиларни иш билан таъминлаш ва тиббий ёрдам кўрсатиш масалалари ҳам эътибор марказида қолмоқда.