Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ва Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси Хатори Такаши соғлиқни сақлаш соҳасидаги лойиҳа учун 22,9 миллиард иена (147,3 миллион доллар) миқдоридаги иена кредити бўйича алмашув ноталарини имзолади.
Маблағлар Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) томонидан таъминланади, маросимда унинг президенти Акихико Танака иштирок этди.
Лойиҳа доирасида Тошкент шаҳридаги Республика ихтисослаштирилган неврология ва инсульт илмий-амалий тиббиёт марказини қуриш ва тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш режалаштирилган. Бундан ташқари, лойиҳа доирасида Самарқанд ва Бухородаги олий даражадаги тиббиёт муассасаларига жиҳозлар берилади.
Лойиҳанинг амалга оширилиши юқори сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш тизимини такомиллаштириши, марказнинг тиббиёт кадрларини тайёрлаш бўйича базавий ўқув маркази сифатидаги функцияларини кучайтириши, шунингдек, Ўзбекистон аҳолиси саломатлигини мустаҳкамлашга кўмаклашиши кутилмоқда.











