Доналд Трамп қайта президентликка келаркан, Гренландияни мажбуран сотиб олмоқчи. Дания бунга рози бўлмаса, иқтисодий ва ҳарбий босим ўтказишини айтган. Копенгагендаги расмийлар буни Трампнинг масхарабозлиги сифатида қабул қилгандек ўзини тутса-да, ичкарида қўрқув бошланган. Гренландия эсa на Дания, на АҚШ таркибида бўлишни истамай, мустақиллик референдуми ҳақида ўйламоқда.
Доналд Трамп қайта сайланар экан, инаугурациягача ҳам, қасамёддан кейин ҳам такрорлаётган гапларидан бири – Гренландияни сотиб олиш. Сиёсатчи Даниянинг автоном ҳудуди ҳисобланган Гренландия халқаро хавфсизликни таъминлаш учун Америкага кераклигини айтади. Трамп 20 январ санасида Оқ уйдаги биринчи кунидаёқ овал кабинетдан туриб имзолаган фармонларидан бири айни шу мавзуда. Президент Даниянинг розилигини узоқ сўраш ниятида эмас, Гренландияни олиш учун иқтисодий ва ҳарбий кучлар ишга солинади.
The Economist нашри автоном ҳудудни сотиб олиш ғоясини “аср келишуви” деб атаган ҳолда ўрганиб чиқди. Аҳолиси 56 минг кишини ташкил этувчи Гренландиянинг ялпи ички маҳсулоти 3 млрд долларни ташкил этади. Бу АҚШ учун жуда кичкина иқтисодий кўрсаткич. Бироқ ҳудуднинг салоҳияти ростанам юқори. Орол замонавий технологиялар ва яшил энергетика учун зарур нодир қазилма металлар ва бошқа қимматли минераллар захираларига эга. Бундан ташқари, Гренландия қирғоқлари яқинида 52 млрд баррель нефть бўлиши мумкинлиги ҳам тахмин қилинмоқда. Айни шу омил оролнинг стратегик аҳамиятини янада оширади.
Оролнинг жойлашуви ҳам муҳим. АҚШ ва Россия ўртасидаги ҳудудда жойлашган Гренландия Американинг мудофаа қобилиятини кучайтиради.
Дания расмийлари ҳам жим тургани йўқ. Аввало ташқи ишлар вазири Ларс Расмуссен бу масалага Копенгаген жиддий қараётганини айтди. Бош вазир Мет Фредериксен Дания телевидениесида чиқиш қиларкан, Трампнинг керак бўлса, ҳарбий куч ҳам ишлатиш режасига муносабатини билдирди, ҳарбийларни бунга аралаштиришни тасаввур ҳам қилолмайман деди. АҚШ президентининг юқори бож тўловлари билан таҳдидига жавобан эса Дания саноат бош директори савдо урушидан икки томон ҳам манфаатдор эмаслигини таъкидлади. Бир қараганда Копенгаген бу гапларни худди Трампнинг масхарабозлиги каби қабул қилгандек кўринади, лекин сиёсатчилар даврасида ва ҳукумат ичкарисида қўрқув бор.
Январ ойидаги маъюс об-ҳаво Дания сиёсатчилари ва бизнес эгаларининг кайфиятини акс эттиради. Парда ортида шоша-пиша тадбирлар, югур-югурлар бошланган, деб ёзади BBC. Бундан кўринадики, Трамп жиддий гапирмоқда. Гренландия бош вазири Мют Эжид Дания бош вазири ва қироли билан гаплашиш учун Копенгагенга учиб борган. Сиёсатчилар, партия раҳбарлари парламентда навбатдан ташқари йиғилиш ўтказишган. Бош вазир Фредериксен элитадаги қўрқувни сездирмаслик учун Америка доим Гренландия ва Арктика билан банд бўлганини гапирган, Вашингтон Копенгагеннинг асосий ҳамкорларидан экани, Гренландиянинг келажагини эса фақат гренландияликлар белгилашини таъкидлаган.















