1 февралдан барча турдаги йўловчи поездларида чипта нархи ошмоқда. “Ўзбекистон темирйўллари” вакиллари Kun.uz билан суҳбатда бу давомли бўлишини айтди. Сабаблар кредит, электр нархининг ошгани, техник кўрик ва инфратузилма харажатларига бориб тақалади. Расмийларга кўра, “Афросиёб” Тошкентдан Самарқандга бир марта келиши – 8 минг евро харажатни талаб қилади.
1 февралдан бошлаб “Афросиёб” поездларида чипта нархи 25 фоизга, “Ўзбекистон”, “Шарқ”, “Насаф” поездлари чиптаси эса 30 фоизга қимматлайди. Тезюрар бўлмаган (ётоқли) йўловчи поездлар чипта нархининг тариф қисми 10,5 фоизга кўтарилади.
Ўтган 2 йилда “Афросиёб”да юриш нархи камида 200 фоизга ошмоқда. Темирйўлчиларнинг сўзларига кўра, тарифларни давлат томонидан тартибга солиш бекор қилингач, тўртта “Афросиёб” поезди 2024 йилнинг 1 январидан ўз харажатларини ўзи қоплашга ўтган.
“Афросиёб”га масъул ташкилот вакили Шаҳзод Мўминов нархларни бошқа давлатлар билан таққослади. “Жанубий Кореяда Сеул ва Пусан шаҳарлари ўртасидаги масофа 300 километр, худди “Афросиёб”дек поезд чиптаси нархи 27 доллар. Бизда эса шундай масофадаги Тошкент–Самарқанд чиптаси 19 доллар”, дейди у. Аммо турган гапки, икки давлатдаги аҳоли даромадларини таққослаб бўлмайди.
Kun.uz суҳбатдан аввал поезддан кўп фойдаланувчи аҳоли фикрига қизиқди. Табиийки. деярли ҳамма бир фикрда –нархлар ошишига қарши. Лекин темирйўлчилар ўтказган сўровномада бунинг акси бўлган экан. Шаҳзод Мўминовнинг таъкидлашича, “Афросиёб” йўловчиларининг 90 фоизи нарх-наво ошишини ижобий қабул қилган ва ўтказилган сўровномаларда чипта нархини оширишни сўраган.
Нега темир йўллари тизими ҳалиям монополия?
Темирйўллар соҳаси – бошқа кўплаб соҳалар қатори – монополия. Лекин расмийлар буни рад этади: уларга кўра, тизим турли йўналишлардаги компанияларга бўлиб юборилган. Жамоатчилик фаоли Умид Гафуров эса, бу ташкилотлар “бир онанинг болалари” эканини айтди.
“Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ бош директори ўринбосари Фозил Шариповга кўра, бозор очиқ ва хоҳлаган тадбиркор келиб, ўз таклифларини бериши мумкин. Лекин бугунги кунга қадар бирор тадбиркор бу масала жамиятга мурожаат қилмаган ва қизиқмаган. Умид Гафуровнинг фикрича, бу – маълумотларнинг ёпиқлиги билан боғлиқ бўлиши мумкин.
“Ҳозир монополмасмиз деяпсиз, лекин де-факто монополия ҳалиям. Масалан, мен тадбиркорман ва бирор жойга инвестиция қилмоқчи бўлсам, даромад, харажат кўрсаткичларини очиқ кўришни истайман. Тизим ҳозир унчалик очиқ эмас, 2021 йилда бу ҳақида гапирилган эди ва ундан бери 4 йил ўтди, трансформация ҳақида энди биляпман. Тадбиркорни асосий қизиқтирган саволлар – очиқ манбаларга бориб тақалади. Вокзалга, тизимга тадбиркорларнинг қизиқмагани, балки, етарлича маълумотлар йўқлигидан”, дейди блогер.













