Доналд Трампнинг Ғазо аҳолисини кўчириш таклифи ортидан, Ҳамас мусулмон дунёсига мурожаат қилди. Трамп тилга олган Миср ва Иордания якка ҳолда рад жавобини берди, аммо минтақа давлатларидан якдил коалицион баёнотлар бўлмади. Kun.uz мавзу борасидаги саволлар билан сиёсий таҳлилчилар Камолиддин Раббимов ва Фазлиддин Мадиевга мурожаат қилди.
— Доналд Трампнинг Ғазо аҳолисини Иордания ва Мисрга кўчириш таклифини қандай изоҳлаш мумкин?
Фазлиддин Мадиев: Трампнинг бу таклифи борасида бутун дунё бўйлаб турли баҳс-мунозаралар кетяпти, лекин бу янгилик эмас. Унинг биринчи ваколат муддатида ҳам бундай фикрлар янграган, ҳатто Трамнинг ўзидан ҳам эшитганмиз. Бироқ ўша вақтда бу иш амалга оширилмаган, ҳозир эса бу таклиф катта эҳтимол билан, изчил режа асосида амалга оширилади. Чунки Ғазо ҳудудида кўп одам қолгани йўқ. Бу ердаги 1,5-2 миллион кишини кўчириш Америка ёки Исроил ҳукуматига жуда катта муаммо туғдирмайди, чунки уларда бунга кучли хоҳиш-истак бор. Улар вазиятни шу нуқтага олиб келиш учун ҳаракат қилишди.
АҚШнинг ичкарисидан чиқаётган маълумотларга қараганда, Трамп Американинг харитада кўзга ташланмас империяси ҳудудларини ташкил қилиш устида ишлаяпти ва бу таклиф ҳам айнан шунга қаратилган. Аҳолини кўчириш жараёни АҚШ ва Исроил ҳукуматларига қийин бўлмаслиги мумкин, лекин маҳаллий аҳоли учун бу жуда оғриқли жараён, шу сабабли бу таклифни амалга ошириш чоғида яна қон тўкилиши ҳолатлари кузатилиши мумкин.
Исроилнинг ўта ўнг қарашдаги сиёсатчилари Трампнинг бу таклифидан ниҳоятда мамнун бўлиб, унга ташаккур ҳам айтишди.
— Ҳамаснинг мусулмон дунёсига мурожаатидан кейин, араб ва мусулмон давлатлари ягона позицияни кўрсатдими?
Камолиддин Раббимов: Араб давлатлари ҳозирча бирлашган ҳолда жиддий баёнотлар бергани йўқ, лекин мусулмон дунёсининг бу борадаги позицияси аниқ: ҳеч бир мусулмон давлати бу таклифга рози бўлмайди.
Аввалдан маълумки, Трамп – ҳаддан ташқари исроилпараст, христиан сионисти. Ўзи христиан динига эътиқод қилишига қарамай, яҳудийларни христиан дунёси учун жуда муҳим санайди. Қолаверса, у оилавий даражада ҳам яҳудийларга боғланган. Охирги сайлов жараёнларида ҳам айнан яҳудий миллиардерларнинг кўпи Трампни қўллаб-қувватлади.
Трамп ҳар доим исломофобия қарашларига эга сиёсатчи бўлган, фақатгина айрим араб давлатлари билан фойда кўриш имкониятини сақлаб қолиш мақсадидагина яхши муносабатда бўлади. Унинг сиёсий “фишка”си – қаттиқ қўрқитиш ва шу орқали ўз режаларини амалга оширишга асосланган.

















