Трамп Вашингтонда American Airlines йўловчи самолёти ва армия вертолёти тўқнашуви оқибатида ҳеч ким омон қолмаганини маълум қилди. Самолётда 60 йўловчи ва экипажнинг тўрт нафар аъзоси, вертолётда эса уч нафар ҳарбий бор эди. АҚШ президенти кун охирида Оқ уйдаги брифингда чиқиш қилиб, Вашингтонда American Airline самолёти ва Black Hawk вертолёти ҳалокатидан ҳеч ким омон қолмаганини маълум қилди. У бутун тун давомида кенг кўламли қидирув-қутқарув амалиёти ўтказилгани, унга барча мавжуд ресурслар жалб этилганини билдирган. «Бу мамлакатимиз пойтахтида ва халқимиз тарихида даҳшатли фожиа бўлган қоронғи ва оғриқли кеча эди. Бизни бевақт тарк этган ҳар бир киши учун қайғурамиз», — деган Трамп.

Қутқарувчилар Потомак дарёсида авиаҳалокат қурбони бўлган 40 кишининг жасадини ҳамда бир неча кишининг жасад қолдиқларини аниқлади, уларнинг айримлари соҳилга чиқиб қолган, деб хабар берган CBS телеканали. Телеканал манбаси бу маълумотларни маҳаллий вақт билан 30 январ куни соат 17:30 да  (Тошкент вақти билан 31 январ куни соат 03:30) тақдим этган. Қутқарувчилар кун ботгани туфайли қидирув ишларини тўхтатишган ва кейинги куни давом эттиришган. Терговчилар ҳисоблашича, самолётдан хавфсиз чиқариб олиш мумкин бўлган жасадларнинг барчаси чиқариб олинган, аммо лайнернинг ҳозирда етиб бориш қийин бўлган дум қисмида яна бир неча кишининг жасад қолдиқлари қолаётган бўлиши мумкин. Терговчилар айрим жасадларни олиб чиқишнинг имкони бўлмаслигидан хавфсирамоқда, дея қўшимча қилган манба.

Ҳалокатга учраган самолётнинг қора қутилари Потомак дарёсидаги парчалар орасидан чиққан. Самолётнинг параметрик ва овоз ёзиш мосламалари 30 январ куни кечқурун топилган, деб хабар беради ABC New манбаси. Қора қутилар ўрганиш учун АҚШдаги авиация ҳодисаларини текширувчи Миллий транспорт хавфсизлик кенгаши лабораториясига юборилган. Ташкилотнинг X ижтимоий тармоғидаги аккаунтида бортнинг қайд этиш қурилмалари суратлари жойлаштирилган.

Йўловчи самолётда Россиянинг камида уч фуқароси бўлган. Бу ҳақда РФ ТИВ расмий вакили Мария Захарова 31 январ куни журналистлар учун ўтказилган брифингда маълум қилди. «Элчихонамиз маълумотларига кўра, ушбу самолёт ҳалокати қурбонларининг уч нафарида Россия паспорти бўлган. Яна бир киши, тўртинчи шахсда ҳам Россия фуқаролиги бўлгани ҳақида тахмин бор, бу маълумот текширилмоқда», — дея Захарованинг сўзларини келтирган ТАСС агентлиги. Аввалроқ РФ элчихонаси Давлат департаментидан Вашингтондаги авиаҳалокатда ҳалок бўлган россияликлар тўғрисидаги маълумот кутаётганини хабар қилганди. Associated Press маълумотига кўра, самолёт йўловчилари орасида америкаликлардан ташқари Хитой ва Филиппин фуқаролари ҳам бўлган.