Самолётдаги йўловчилар орасида фигурали учиш бўйича АҚШ чемпионатидан қайтаётган спортчилар ва мураббийлар ҳам бўлган. BBC ҳодиса ҳақида маълум бўлган фактларни келтирди.

Нима воқеа юз берди

Тўқнашув маҳаллий вақт билан 21:00 атрофида (Тошкент вақти билан 7:00 атрофида) содир бўлди. American Airlines брендидан фойдаланадиган PSA Airlines авиакоманиясининг Bombardier CRJ700 самолёти Канзас штати, Уичита шаҳридан учиб келаётганида Роналд Рейган халқаро аэропортига қўниш чоғида Sikorsky H-60 (Black Hawk) ҳарбий вертолёти билан тўқнашиб кетди.

Пентагоннинг маълум қилишича, вертолёт Виржиния штатидаги Форт-Белвуар шаҳридан ҳавога кўтарилган. Ҳарбийларга кўра, вертолёт ўқув парвозини амалга оширган.

Самолёт бортида 64 киши — 60 йўловчи ва тўрт нафар экипаж аъзоси бўлган. Вертолёт бортида 3 нафар америкалик ҳарбий хизматчи бўлган, деди Вашингтон мэри Муриел Боузер.

Қутқарув операцияси ҳалокатдан сўнг дарҳол бошланди. Колумбия округи фавқулодда вазиятлар директори Жон Доннелли сўзларига кўра, сув жуда совуқ ва атроф қоронғи эди.

«Шамол эсмоқда. Сувда муз бўлаклари бор... Ёруғлик етишмагани сабабли, ҳар квадрат дюйм майдонни текшириб чиқишга тўғри келади», деди у. «Булар [қутқарувчилар] сувга шўнғиши учун жуда қийин шароит», деб қўшимча қилди Доннелли.

Фото: AFP

Расмийларга кўра, самолёт бир неча бўлакларга ажралган ва ҳозир 1,5-2,4 м чуқурликда сув остида қолган. Ҳалок бўлганларнинг жасадини сувдан чиқариб олиш жараёни давом этмоқда.

«Биз бу ҳалокатда омон қолганлар борлигига ишонмаймиз», деди Жон Доннелли.

Ғаввослар ҳозирча самолётнинг иккита регистраторидан (қора қутилар) бири бўлиши тахмин қилинаётган объектни топган. Сувга қулаган ҳарбий вертолёт тўнтарилган ҳолатда, аммо жиддий шикастланмагани кўринади.

Самолёт бортида кимлар бўлган?