Технология | 16:20 / 02.02.2025
4850
2 дақиқада ўқилади

SpaceX ракетаси Starlink учун 22 та сунъий йўлдошни орбитага олиб чиқди

Ракета Калифорниянинг Ванденберг Космик кучлари базасидаги SLC-4E старт майдончасидан учирилган. Парвоз доирасида ташувчи ракетанинг кўп марталик поғонаси Тинч океанидаги платформага бошқарилувчан вертикал қўнишни амалга оширган.

Фото: SpaceX

Falcon 9 ташувчи ракетаси Starlink глобал интернет тизими учун яна 22 та кичик ўлчамли сунъий йўлдошни орбитага олиб чиқди. Бу ҳақда SpaceX компанияси хабар берди.

«22 та Starlink сунъий йўлдошлари олиб чиқилгани тасдиқланди», — дейилади хабарда.

Ракета Калифорниянинг Ванденберг Космик кучлари базасидаги SLC-4E старт майдончасидан учирилган. Орадан тахминан бир соат ўтгач, сунъий йўлдошлар ташувчи ракетанинг иккинчи поғонасидан ажралган.

Парвоз доирасида ташувчи ракетанинг 17 марта фойдаланилган поғонаси Тинч океанидаги Of Course I Still Love You дрон платформасига бошқарилувчан вертикал қўнишни амалга оширган.

SpaceX компанияси 2019 йилдан бери Starlink лойиҳаси доирасида 7,8 мингдан ортиқ шу каби сунъий йўлдошларни учирган. Уларнинг бир қисми бузилган ёки орбитадан чиқиб кетган. 6,9 мингдан зиёд аппарат ҳозирда орбитада соз ҳолатда.

Эслатиб ўтамиз, Falcon 9 ташувчи ракетаси 31 декабр куни Starlink интернет қопламаси тизимининг глобал тармоғи учун яна 21 та сунъий йўлдошни орбитага муваффақиятли олиб чиққани тўғрисида хабар берилганди. SpaceX компанияси 2024 йилда 134 та ракета учирган — бу янги жаҳон рекорди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид