Суриянинг вақтинча президенти Аҳмад аш-Шаръа ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Анқарада учрашув ўтказади. Томонлар Сурия марказида Туркия авиабазалари ташкил этиш ҳамда Суриянинг янги армиясини ўқитишни ҳам ўз ичига олувчи қўшма мудофаа пактини муҳокама қилиши кутилмоқда.
Аввалроқ аш-Шаръа Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон ва Қатар амири шайх Тамим ибн Ҳамад Ол Соний билан учрашганди.
Мудофаа соҳасидаги бўлажак музокаралар ҳақида Reuters агентлиги тўрт манба, жумладан Сурия хавфсизлик хизмати ходимига (расмий баёнот беришга ваколати йўқлиги туфайли анонимлик шарти билан маълумот беришга рози бўлган) таяниб хабар берган.
Манбаларнинг сўзларига кўра, янги пакт Сурия марказий қисмидаги Бадия саҳросида туркларнинг иккита авиабазаси ташкил этишни ўз ичига олиши мумкин.
Бу келишув Туркияга Сурия ҳаво ҳудудидан ҳарбий мақсадларда фойдаланиш ва Суриянинг янги армияси қўшинларини тайёрлашда етакчи рол ўйнаш имконини беради (Суриянинг янги раҳбарияти армия ва турли исёнчи гуруҳларни тарқатиб юборди ва уларни янгиланган ҳарбий қўмондонлик остида бирлаштириш устида ишламоқда).
Сурия президентининг расмий вакили Reuters агентлигига айтишича, Аш-Шаръа Эрдўған билан «Туркия томонидан янги Сурия армиясини тайёрлаш, шунингдек, ҳамкорликнинг янги соҳалари»ни (айнан қандай соҳалар эканига аниқлик киритилмаган) муҳокама қилади.
Туркия президентининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича директори Фахриддин Олтин душанба куни Эрдўған ва аш-Шаръа Суриядаги сўнгги воқеалар ва Сурия иқтисодиётини тиклаш ҳамда мамлакатда барқарорлик ва хавфсизликка эришиш бўйича мумкин бўлган қўшма чора-тадбирларни муҳокама қилишини айтди.
НАТО аъзоси бўлган Туркия узоқ вақтдан бери Суриядаги қуролли ва сиёсий мухолифатни қўллаб-қувватлаб келган. Анқара Асаднинг минтақадаги асосий иттифоқчиси Эрон кетиши билан юзага келган бўшлиқни тўлдириш ва ўз таъсир доирасини кенгайтириш орқали янги Сурияда муҳим рол ўйнашга интилмоқда. Бу, ўз навбатида, Форс кўрфазидаги араб давлатлари билан рақобатга олиб келиши ва Исроилни сергак торттириши мумкин, дея қайд этади Reuters.
Сурия шимоли-ғарбида жойлашган, 2017 йилдан буён аш-Шаръа бошчилигидаги коалиция томонидан бошқарилган Идлиб анклавида Туркиянинг ҳарбий мавжудлиги сезиларли даражада бўлиб, унинг шимолида Туркия ҳарбий базалари жойлашган.
Декабр ойида Туркия мудофаа вазири Яшар Гулер Анқара «агар [Суриянинг янги] маъмурияти буни сўрайдиган бўлса, керакли ёрдамни кўрсатишга тайёрлиги»ни айтган.



















