Шу йилнинг 1 майидан импорт қилинувчи электромобиллар учун утилизация йиғими кескин равишда оширилмоқда. Шу аснода республикада экологик тоза электромобилларга ошиб бораётган талаб сунъий равишда бўғиляпти. Kun.uz бу мавзуда экспертларга қулоқ тутаркан, экология баҳонасида экология жазоланмоқда, дейди улар. Бундан ташқари, қарор – монополия томирига сув қуяди, истеъмолчиларнинг охирги нажоти – электромобилларни “меню”дан олиб ташлайди.
Қарорда ишлаб чиқарилганига 3 йилдан ошмаган электромобиллар учун йиғим БҲМнинг 30 бараваридан 120 бараварига, 3 йилдан ошгани эса БҲМнинг 90 бараваридан 210 бараварига оширилиши белгиланган. Яъни бир дона электромобилнинг утилизация ҳақи минимум 45 миллиондан 78 миллионгача белгиланди. Қарорга мувофиқ буни импортёрлар ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар тўлайди, лекин амалда утилизация ўлпони оддий халқ ва истеъмолчининг гарданида қолаверади.
Утилизация нега керак ва у борми?
2020 йилдан бошлаб экологик хавфсизликни таъминлаш, фуқаролар соғлиғини ва атроф-муҳитни ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамалари ўз истеъмол хусусиятларини йўқотганидан кейин ҳосил бўладиган чиқиндиларнинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш мақсадида утилизация йиғими жорий қилинганди. Айтилганидек, асосий мақсад – экологияни асраб-авайлаш. Лекин 1 майдан кескин қимматлаётган йиғим ҳақи ортидан энг катта жазо барибир экологияга бўлади.
Ўтган 5 йил давомида қанча утилизация ҳақи ундирилгани, бюджет маблағларининг қанча қисми бу пуллар билан тўлиши, улар нимага ишлатилиши хусусида бирор маълумот йўқ. Ваҳоланки, биргина 2024 йилнинг январ-сентябр ойлари оралиғида 54 272 дона бензинда юрувчи, гибрид ва электромобиллар импорт қилинган. Шу машиналардан камида 1,8 трлн сўм утилизация ҳақи ундирилган бўлиши керак. Бироқ бу пулларни ким йиғди, қай мақсадда улар ишлатилди, нега экологияни асраб-авайлаш учун ундирилган пуллар атроф-муҳитимизни ифлосланишдан сақлаб қола олмади? Айни шу саволларни кўтарган экспертлар Ўзбекистонда утилизация аслида борлигидан ҳам шубҳада.
Юрист, адвокат Камолиддин Баҳоуддинов фикрича, истеъмолчилар йўқ утилизацияга ўлпон тўлашга мажбур.
“Бир-бирини инкор этувчи қарорлар амалиётига қачон чек қўйилади? Электромобиллар инфратузилмаси ҳали яратилмасдан туриб, унинг жозибадорлигини синдиришга хизмат қилувчи қарорларни умуман тушунмайман. 2022 йилнинг ўзида 5 та жамоавий мурожаат билан чиққанман, лекин ҳеч ким реакция қилмаган. Хўш, дунё давлатлари 55-250 АҚШ доллари миқдорида утилизация ҳақи тўлаётган бир шароитда нега биз 27 миллиондан 144 миллионгача пул тўлашимиз керак, бу 2022 йил ҳисоб-китоби. Хўш, бу мезонлар қаердан олинди, нега мен йўқ утилизация учун бунча пул тўлашим керак?







