UnitedHealthcare суғурта компанияси директори Брайан Томпсонни ўлдиришда гумонланган Луижи Манжионенинг ҳимояси учун қарийб 300 минг доллар тўпланди, деб хабар беради New York Post.
Қайд этилишича, ушбу маблағлар Томпсон ўлдирилган сана «шарафи»га номланган The December 4 Legal Committee гуруҳу томонидан тўпланган.
«Луижи фонд ҳақида билади ва у бундай қўллаб-қувватловдан чуқур миннатдор», — дейди адвокат Карен Фридман Агнифило.
10 феврал ҳолатига кўра, Луижининг ҳимояси учун 295 минг доллар тўпланган бўлиб, 10 мингдан ортиқ одам хайрияга ҳисса қўшган.
Фонд вакилларидан бири бўлган Сэм Бирднинг таъкидлашича, хайрия маблағларини 500 минг долларгача тўплаш мақсад қилинган ва у суд жараёнлари охирига қадар давом этади.
Америкадаги UnitedHealthcare энг йирик тиббий суғурта компанияси (2023 йилда даромади 281 млрд долларни ташкил этган) директори, 50 ёшли Брайан Томпсон 4 декабр куни Ню Йорк марказида отиб кетилганди. Орадан бир неча кун ўтиб, 26 ёшли Луиджи Манжионе Пенсилвания штати Алтуна шаҳридаги McDonald's ресторанида ушланган эди. Полиция маълумотига кўра, қўлга олиш чоғида унинг ёнида овоз сўндиргичга эга, 3D-принтерда чиқарилган тўппонча топилган, Ню Йоркдаги қотилликда айнан ундан фойдалангани тахмин қилинмоқда.















