Ўзбекистон | 11:55 / 14.02.2025
4334
2 дақиқада ўқилади

Антониу Кошта ва Урсула фон дер Ляйен Ўзбекистонга ташриф буюради

Еврокенгаш ва Европа комиссияси раҳбарлари Антониу Кошта ва Урсула фон дер Ляйен ЕИ — Марказий Осиё биринчи саммитида иштирок этиш учун 3−4 апрелда Ўзбекистонда бўлади. 

Фото: AFP

Европа кенгаши раҳбари Антониу Кошта ва Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен Европа Иттифоқи — Марказий Осиё биринчи саммитида иштирок этиш учун 3−4 апрел кунлари Ўзбекистонга ташриф буюради.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигидаги саммитда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон раҳбарлари иштирок этади. Аввалроқ маросимни ўтказиш жойи сифатида Самарқанд танланган эди. Аслида саммит 2024 йилда бўлиб ўтиши керак эди, бироқ ўтган йили ЕИ янги ҳукумат тузгани сабабли бу 2025 йилга кўчирилган.

Саммит ЕИга Марказий Осиё билан икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш ва минтақавий ҳамкорликни кенгайтиришдан геосиёсий манфаатдорлигини намойиш этиш учун асосий имконият бўлади. Россиянинг Украинага қарши уруши ва Афғонистонда давом этаётган воқеалар билан ифодаланган ўзгарувчан геосиёсий манзарада ЕИ ва Марказий Осиё ўртасидаги муносабатлар тобора стратегик аҳамиятга эга бўлиб бормоқда, дейилади баёнотда.

Саммит давомида ЕИ ўзаро манфаатли соҳаларда, жумладан, транспорт ва рақамли алоқа — минтақа ичида ва ЕИ билан, стратегик хомашё, иқтисодиёт ва хавфсизлик, тоза ва самарали энергия манбаларига ўтиш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга содиқлигини яна бир бор тасдиқлаши кутилмоқда.

Мавзуга оид