АҚШ президенти Доналд Трамп 2025 йил 20 январда бўлиб ўтган инаугурациясидан сўнг, дарҳол Путин билан учрашиш нияти борлигини тасдиқлади. Ўша пайтдаёқ халқаро кузатувчилар бу музокаралар давомида Киевнинг фикри эътиборга олинмаслигидан хавотир билдиришган эди. Тахминан ўша кунлари Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Михайло Подоляк «Медуза» билан суҳбатда Трамп Россия босқини бўйича таклиф этаётган қадамларни кўпроқ оптимистик руҳда баҳолаганди.

Бир ой ўтиб эса Трамп Зеленскийни «диктатор» деб атади, Украинадан ҳарбий ёрдам эвазига украин нодир ерости металларини етказиб бериш бўйича ноқулай битимни имзолашни талаб қилди, АҚШ ва Россия делегациялари эса тинчлик музокараларини Украина ва Европа иштирокисиз олиб бормоқда.

«Медуза» Подоляк билан яна боғланиб, бу воқеалар ҳақида расмий Киев қандай фикрда эканини аниқлашга ҳаракат қилди.

— Киев бир неча бор дунёни Путинга ишониб бўлмаслигидан огоҳлантирган эди. Трампга ишониш мумкинми?

— Албатта. Ҳозирги босқичда ишониш мумкин. Фақат Трампнинг услубини ҳисобга олиш керак: у доимо ахборот тажовузига мойил ва мақсадларига қисқа муддат ичида эришишни хоҳлайди. Шунингдек, унинг ўта прагматик ёндашувини ҳам тушуниш лозим. Трамп АҚШ учун энг фойдали иқтисодий позицияларни қўлга киритишга интилмоқда. У бу услубни ким билан мулоқот қилишидан қатъи назар қўллайди — у хоҳ иттифоқчи бўлсин, хоҳ рақиб. Сиз ё буни ҳисобга оласиз ва у билан самарали музокаралар олиб борасиз, ёки унга ҳамма нарсани топширасиз. Кимдир музокараларда қатъийроқ позицияни эгаллайди, кимдир юмшоқроқ. Трамп эса максимал даражада қатъий ҳаракат қилади.

— Сўнгги вақтларда у бир неча бор Россия пропагандаси тезисларини такрорлади ва Киевни шантаж қилди. Сизнингча, Трамп нега бундай қилмоқда? Агар у ҳаммага шундай муносабатда бўлса, нима учун Путинни эмас, айнан Зеленскийни «диктатор» деб атади?

— Ар-Риёдда [АҚШ ва Россия музокараларида] кўрганларимиз — бу Россияни яккаланишдан чиқаришга уриниш бўлди, лекин ўз шартларига кўра. Трамп Америка сиёсий элитасидаги аксилроссия кайфиятини пасайтиришга ҳаракат қилмоқда. Охирги уч йил ичида бу кайфият энг юқори чўққига чиқди — гарчи бунга тўла асос бўлса ҳам. У энди очиқчасига Россиядан иқтисодий фойда олишга қизиқиш билдирмоқда. Шу тариқа, у Путинни «тузоққа тушириб», Россиядан энг юқори иқтисодий самара олишни кўзламоқда. У ягона қизиқиши АҚШнинг манфаатлари — молиявий даромад, бозорларга кириш имконияти ёки ресурсларни арзон олиш эканини очиқча кўрсатмоқда. Бундай стратегия умуман олганда муваффақиятли бўладими-йўқми, аниқ айта олмайман. Лекин ҳозирча Трамп бу босим орқали керакли натижаларга эришмоқда.