Курдистон Ишчилар партияси етакчиси Абдулла Ўжаланнинг исёнчиларга қуролларини ташлаш чақириғини айримлар Эрдўғаннинг президентликка қайта сайланишига йўл очувчи қадам деб кўрмоқда. Хўш, бу чақириқ катта геосиёсий ўзгаришлардан дарак берадими? “Геосиёсат”да мавзу юзасидан сиёсатшунослар Фарҳод Каримов ва Фазлиддин Мадиев шарҳи.

— Ўжаланнинг чақириғи ортида яширин дипломатик келишувлар бўлиши мумкин? Нега орадан 26 йил ўтиб, бундай қарорга келинди?

Фарҳод Каримов: Геосиёсий вазият ўзгарган, тўғри, лекин бундай ҳаракатлар олдин ҳам бўлган. 1998-1999 йилларда бир йил давомида Ўжалан қидирувда бўлган. Суриянинг ўша вақтдаги раҳбари Ҳафиз Асад унга сиёсий бошпана беришдан бош тортгандан кейин мажбур бўлиб, аввал бир нечта Осиё давлатларида бўлган, кейин Африкага қочган, ўша пайтда Кенияда қўлга олинган эди. Туркия унга бир умрлик қамоқ жазоси тайинлаган ва жазони Мармар денгизидаги қамоқхонада ўтаётганди.

Шундан буён Ўжалан туркий курдлар ва ўз тарафдорларини доимий равишда қуролларни ташлашга чақириб келган. Биринчи чақирув 2009 йил бўлган эди. 2009-2011 йилларда Ослодаги Курдистон партияси ўртасидаги музокаралар даврида ҳам бу масала айтиб ўтилганди. Яъни ўшанда ҳам Ўжалан биз сиёсий мақсадларимизни ўзгартирамиз, бизга мустақил давлат керак эмас, балки Туркия таркибида ўзимизнинг сиёсий ва инсон ҳуқуқларимиз таъминланса, ўз тилимизда таълим бўлса, мактаблар, газета ва журналлар нашрлар бўлса, биз ҳарбий курашдан қайтамиз, деган.

Лекин 2011 йилда Туркиядаги вазият ва у ердаги миллий-этник зиддиятлар ортидан бундай музокаралар яна тўхтаб қолганди. 2016 йил Туркияда давлат тўнтаришига уриниш ҳаракатлари сабаб бу масала яна ортга сурилди.

Сурияда ҳукумат декабр ойида ўзгарган бўлса, Ўжаланнинг чақириқ қилиши ҳақидаги дастлабки маълумотлар октябр ойида айтила бошланган эди.

Туркия дипломатияси бир неча бор Ироққа борди, у ердаги курдларнинг етакчи Барзонийлар оиласи билан ҳам учрашган эди. Барзоний билан у ерда Туркиядаги курдлар партияси билан мулоқотларни узиш ва уларни қўллаб-қувватламаслик ҳақида келишувлар ҳам бўлганди.

Декабр ойида Сурияда Асад ҳокимиятдан кетди (курд террорчиларининг асосий базалари Сурия ва Ироқ-Эрон ўртасидаги “Қандил”да эди) ва у ерда Туркияга хайрихоҳ шахс Аҳмад аш-Шаръанинг ҳокимиятга келиши минтақадаги муҳитни ўзгартириб юборди.

Бу эса ҳамкорларни йўқотган Курдистон ишчилар партияси ва бошқа кучларни Туркия билан келишишга мажбур қилди.