Жамият | 17:24 / 12.03.2025
2464
2 дақиқада ўқилади

Россияда оғир касалликка чалинган Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилди

Томск областига ишлаш учун борган ўзбекистонлик мустақил ҳаракатланиш имкониятидан маҳрум бўлиб, касалхонага тушиб қолган.

Фото: dunyo.info

Бош консулхона томонидан Миграция агентлигининг Новосибирск шаҳридаги ваколатхонаси билан биргаликда Россиянинг Томск областида оғир касалликка чалинган Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилди.

Маълумотларга кўра, Томск областига ишлаш учун борган ўзбекистонлик Б.Х. танасининг бир қисми ишламай қолгани ва мустақил ҳаракат қилиш имкониятидан маҳрум бўлгани сабабли ушбу областдаги 2-сонли клиник шифохонаси ётқизилган.

Россиялик шифокорлар Ўзбекистон фуқаросига барча зарур тиббий муолажаларни амалга оширган.

Беморнинг аҳволи оғирлиги инобатга олиниб, Бош консулхона ва Миграция агентлиги томонидан унинг Ўзбекистонга қайтиши учун зарур кўмак кўрсатилган ҳамда самолётда ватанга кузатиб қўйилган.

Аввалроқ Ўзбекистон дипломатлари саъй-ҳаракатлари билан Владивосток шаҳрида оғир тан жароҳати олган ватандош Ўзбекистонга қайтарилгани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, Бош консулхона томонидан Паттаядаги меҳмонхонанинг 6-қаватидан тушиб кетиб, оғир жароҳат олган ва тиббиёт муассасасида даволаниш давомида 352 минг бат қарздор бўлиб қолган ўзбекистонлик ҳам ватанга қайтишида ёрдам кўрсатилган эди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид