Трамп бошчилигидаги АҚШ таъбир қилиб бўлмайдиган давлатга айланди. Трамп – кайфият одами, унинг беқарорлигига бир неча бор гувоҳ бўлдик. Европа давлатларини энг кўп қўрқитаётган нарса – АҚШнинг Россия билан дўстлашмоқчи экани. Трамп Путин билан яқинлашиб, Хитойга қарши АҚШ–Россия иттифоқини ясаш ниятида.
Европа Иттифоқи, НАТОга аъзо давлатлар Трамп ва унинг администрациясига ишона олмайди. Трамп Гренландияни тортиб олишни орзу қилади. Гренландия – Даниянинг ҳудуди, Дания эса НАТО аъзоси. Канадани 51-штат қилиш ниятида, Канада ҳам НАТО аъзоси. Европа Иттифоқи ва НАТОга аъзо давлатларни шокка солган нарса – Трамп нақадар осонлик билан Украинадан воз кечгани, уни Россияга, Путинга тортиқ қилгани бўлди.
Мана шу фонда, “АҚШ Европа хавфсизлигини нақадар реал ҳимоя қилади?” деган савол европаликларни қаттиқ қийнамоқда. Чунки инқироз пайтида давлат раҳбари бўлмиш Трамп “европаликларнинг ўзида айб, ўзлари ўзларини ҳимоя қилсин!” дейдиган бўлса, Европа енгилади.
Иккинчи жаҳон уруши тугагач, 1945 йилдан то ҳозирга қадар Европа хавфсизлиги АҚШнинг қўлида эди, Америка кафолати остида эди. Лекин Трампнинг баёнотлари, вице-президент Вэнс ва Пентагон раҳбари Ҳегсетнинг Европадаги чиқишлари шуни кўрсатадики, АҚШ бундан кейин Европани ҳимоя қилишни ўзининг вазифаси сифатида кўрмайди.
Яқинда Европа хавфсизлиги бўйича бир қанча саммитлар бўлди. Европа Иттифоқи кейинги йилларда ўзининг хавфсизлиги ва мудофааси учун 800 миллиард евро ажратмоқчи. Лекин бу тизим тезда шаклланиб қолмайди, узоқ йиллар ва катта уринишлар талаб қилади. Ҳозирча Европа континентида хавфсизлик тизими қалтислашди.
Совуқ уруш даврида АҚШ ўзининг ядро арсеналини Европанинг беш давлатига жойлаштирган эди, булар: Туркия, Италия, Белгия, Германия ва Нидерландия. Ва мана шу ядровий қалқон, бошида СССРни, кейичалик эса Россияни тийиб турди. Давлатларнинг ядровий арсеналига келсак, охирги халқаро манбаларга кўра, Россияда 5889 дона ядровий каллак мавжуд, АҚШда эса 5244 та, Хитой Халқ Республикасида 410 та, Францияда 290 та, Бирлашган Қироллик (Британия)да 225 дона.
Дунёда ҳали ядровий уруш бўлмаган. 1945 йил августида АҚШ Япониянинг Нагасака ва Ҳиросима шаҳарларига атом бомбаси ташлаганида, Японияда ядро қуроли йўқ эди, шу сабаб ядро уруши бўлмаган эди. Бугун, агар ядровий уруш бошланса, у қандай бўлади ва натижаси қанчалик ҳалокатли бўлади – ҳеч ким аниқ моделлаштира олмайди. Лекин аниқки, ядровий урушда томонлар бир-бирини кафолатланган йўқ қилишга, ўлдиришга эришади. Агар Россия ва Европа ўртасида ядровий уруш бўлса, Европага инсон яшаб бўлмай қоладиган даражада зарар етказилади.
















